Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўз фуқаролари учун визасиз саёҳат тизимини йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олишди, дея хабар берди The Times of Israel нашри.

Бу ҳақдаги битим БАА раҳбариятининг юқори мартабали вакилларини ўз ичига олган делегациянинг Тель-Авивга ташрифи давомида имзоланди. Битимни имзолаш маросимида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, АҚШ молия вазири Стивен Мнучин ва БААнинг икки вазири қатнашган.

БАА Исроил билан визасиз тизим борасида музокаралар олиб борган биринчи араб давлати бўлди.

Шунингдек, хабарга кўра, БАА делегациясининг Исроилга ташрифи давомида бошқа бир қатор битимлар ҳам имзоланган. Жумладан инвестицияларни ҳимоя қилиш, йўловчиларнинг ҳаво қатнови ва фан-технология соҳасидаги ҳамкорлик соҳалари бўйича битимлар тузилган.

Визасиз режимнинг кучга кириши учун уни иккала давлат, шу жумладан Исроил парламенти ҳам ратификация қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Исроил ва БАА муносабатларни яхшилашга келишиб олишган эди. Кейинчалик эса Вашингтонда, Оқ уйда бўлиб ўтган маросимда Исроил, БАА ва Баҳрайн давлатлари муносабатларни тиклаш бўйича келишувларни имзолашди. Бу эса Исроил ва араб давлатлари ўртасида 1994 йилдан буён амалга оширилган илк келишувга айланди.