18 июнь куни Хавфсизлик кенгаши тавсиясига кўра БМТ Бош ассамблеяси амалдаги бош котиб Антониу Гутерришни иккинчи беш йиллик муддатга тайинлади — 2022 йил 1 январдан 2026 йил 31 декабрга қадар. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар берди.

Антониу Гутерриш ўз чиқишида «янги давр бошланишида» БМТда ўзгаришларга эришишга ваъда берди. «Биз ҳақиқатда бурилиш олдида турибмиз, олдимизда жиддий танлов турибди. Биз ҳозир ўз танловимизни қилиб, тарихимизни ёзяпмиз. Ҳар нарса бўлиши мумкин — ёки доимий инқироз, ёки барчамиз учун янада яшилроқ, хавфсизроқ ва яхшироқ келажак истиқболи».

У пандемия инсониятнинг умумий заифлиги, ўзаро боғлиқлиги ва яхшироқ келажакка олиб келадиган коллектив ҳаракатларни амалга оширишдаги мутлақ заруриятни намоён қилганлигини қайд этди.

Антониу Гутерриш COVID-19 пандемиясининг оғир оқибатларига ҳам тўхталиб ўтди. «Миллионлаб оилалар ўз яқинларини йўқотишди. Дунё БМТ ташкил топганидан буён энг улкан хатарлардан бири билан тўқнашди. Биз пандемия жамиятларимизда заиф нуқталарни намоён қилганлигини кўрдик», — деди у.

114 миллион иш ўринлари йўқотилди, ва 55%дан ортиқ дунё аҳолиси ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлди. 20 йил ичида биринчи маротаба камбағаллик масштаблари кенгайиши эҳтимоли пайдо бўлди. 2020 йилда 119дан 124 миллионгача қўшимча одамлар қашшоқлик даражасига тушиб қолди. Инқироз даврида кескин тенгсизлик кўпроқ даромад даражаси паст бўлган давлатларда намоён бўлди, аҳолининг энг заиф қатламлари, шу жумладан аёллар ҳам азият чекишди, дея таъкидлади БМТ бош котиби.

«Инқироздан чиқиш ва ижтимоий-иқтисодий тикланиш адолатлироқ бўлишини таъминлаш жуда муҳим» — дея қўшимча қилди у.

БМТ раҳбари иқлим ўзгариши, био хилма-хилликларнинг камайиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, ўсиб бораётган тенгсизлик, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, рақамли тафовут, можаролар ва янги пандемиялар эҳтимоли каби муаммолар ҳақида эслатиб ўтди.

У ресурслар ва технологияларни адолатли бўлиб олиш, шунингдек давлатлар ўртасида ишончни тиклашга эришишга чақирди.

«Катта ва кичик халқлар ўртасида кўприклар барпо этиш ва ишончнинг мустаҳкамланишига эришиш мақсадида ишончнинг ўсишини таъминлаш учун барча нарсани қиламан», — деди БМТ раҳбари.

Антониу Гутерриш БМТ бош котиби лавозимига 2017 йил 1 январь куни киришган. Унинг номзоди Португалия томонидан кўрсатилган. 2005−2015 йиллар мобайнида 10 йил у БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари лавозимида фаолият юритган.

Антониу Гутерриш 1949 йил 30 апрель куни Лиссабонда туғилган. У Олий техника институтида муҳандислик иши ва физикани ўрганган. 1974 йилда у Социалистик партиянинг аъзоси бўлган. Социалистик партиянинг бош котиби лавозимига сайланганидан уч йил ўтиб 1995 йилда Португалиянинг бош вазири бўлган.