Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов Kun.uz нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида икки ГЭС қурилиши тафсилотлари ҳақида гапирди.

Кеча Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари ўртасида Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш бўйича битим имзоланган эди.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, объектларни қуриш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда, йилига ўртача 800 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 140 МВт ва прогноз қиймати 282 миллион АҚШ долларига тенг «Ёвон» гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади. Иккинчи босқичда, йилига ўртача 600 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 МВтга ва прогноз қиймати 270 млн АҚШ долларига тенг «Фандарё» гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилади.

Алишер Султоновнинг сўзларига кўра, лойиҳа буюртмачиси этиб, томонлар иштирокида ташкил этиладиган акциядорлик жамияти белгиланади. Лойиҳа халқаро молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағлари ҳамда таъсис қилинадиган қўшма корхона устав жамғармасига киритиладиган томонларнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

«Бу Ўзбекистон энерготаъминотига нима беради, деган саволга келсак, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қуриладиган гидроэлектр станциялар Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1,4 млрд кВт/соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқаради», — дейди вазир. Унинг қўшимча қилишича, гидроэлектр станцияларни қуриш ва ундан фойдаланиш даврида қўшимча янги иш ўринлари яратилиб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бошқа минтақаларига паритетлик асосида электр энергияси оқимини таъминлайди.

Энергетика вазирлиги раҳбари сўнгги уч йилда Ўзбекистон Тожикистондан мавсумий электр энергиясини импорт қилиб келаётганини таъкидлади.

«Аммо бу импорт кўрсаткичи камайиб боряпти. Жумладан, ўзаро шартномага асосан 2020 йил май-сентябрь ойларида жами 1,2 млрд кВт/соат электр энергиясини импорт қилиш белгиланган бўлса, амалда камроқ — 566,7 млн кВт/соат электр энергияси импорт қилинди.

Лекин бунинг учун кимнидир айблаб бўлмайди. Бунинг объектив сабаблари бор. Вахш дарёсида сув ҳажми кескин камайган, бунинг ортидан Норак сув омбори сатҳи пасайган. 2021 йил май ойида имзоланган шартномага кўра, 270 млн кВт/соат электр энергияси импорти белгиланган бўлиб, амалда 197,4 млн кВт/соат электр энергияси импорт қилинди", — дейди Алишр Султонов.

У ўзаро шартномалар ва ҳисоб-китобларда бу табиий омиллар албатта ҳисобга олинишини таъкидлади.

2018 йилда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Тожикистонда Зарафшон дарёсида биргаликда иккита ГЭС қуриш ҳақида маълум қилишган эди.

Дастлаб, гидроэлектро станцияларнинг умумий қуввати 320 МВтни ташкил қилиши ҳақида хабар берилган эди, аммо ҳозирда у 275 МВт бўлиши айтилмоқда.