Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон музокаралари якунлари бўйича икки томонлама битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, икки давлат етакчилари қўшма баёнотни имзолашган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшон дарёсида 320 МВт қувватга эга иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, Юклар транзити тўғрисидаги битимлар алмашилди.

Бундан ташқари, Дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик Дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» алмашилган.

Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.

ОАВ брифингда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтганини таъкидладилар.

«Биз муштарак тарих ва маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғланган халқларимизнинг кўп асрлик дўстлигини жуда қадрлаймиз. Шу ерда ўтирган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва делегациялар аъзолари кейинги бир неча йилда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари тараққиётида рўй берган улкан ўзгаришлар гувоҳидир. Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош ва ўзгармас устувор йўналиши, — деди Шавкат Мирзиёев. — Биз кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг барча масалаларини диққат билан кўриб чиқдик. Шуни қайд этмоқчиман: ҳеч бир йўналиш эътибордан четда қолмади».

Музокаралар чоғида томонлар янги ўсиш нуқталарини белгилаб олдилар, келгуси йилда товар айирбошлашни икки баробар оширишни мақсад қилиб белгиладилар. Етакчилар икки мамлакат ҳудудларининг имкониятларини максимал даражада ишга тушириш, уларни туманлар даражасида «боғлаш»га келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари ташриф арафасида ўтказилган Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг самарали якунларини, шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган шартномалар ва инвестиция келишувларлари имзоланганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда етакчилар темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратиш тўғрисида келишувга эришдилар.

Президент Эмомали Раҳмон, ўз навбатида, аграр тармоқ, енгил, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш товар айирбошлашнинг кўпайиши ва янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилишини қайд этди. У таълим ва тиббиёт соҳаларида, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишда шериклик кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Бундан ташқари, президентлар маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

«Биз мамлакатларимизда барпо этилган ҳамда бугун мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шерикликнинг янги рамзларига айланган тиббиёт маркази ва ўқув муассасаси фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу масалаларнинг барчаси икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлик қилаётган икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг бевосита назоратида бўлиши қайд этилди.

Президентимиз Тожикистон раҳбарининг 2025 йилни Халқаро музликларни муҳофазалаш йили деб эълон қилиши ва Музликларни асраш халқаро фондини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусларини Ўзбекистон тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.