2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 4,8% ва 5,5% га этади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодий истиқболлари» ҳисоботининг июнь сонида айтилган.

Умуман олганда, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,3 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бунга, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, хомашё нархларининг бироз кўтарилиши, йирик нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ишлаб чиқариш ҳажмидаги чекловларнинг юмшатилиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кўпайиши ёрдам беради.

Жаҳон банкининг тахминларига кўра, 2021 йилда глобал иқтисодий ўсиш 5,6% ни ташкил этади — бу 80 йил ичида турғунлик давридан тикланишнинг энг тез суръати ҳисобланиб, бу асосан бир нечта йирик мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг жадал тикланиши билан боғлиқ. Бироқ, кўплаб шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатлар COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатлари билан курашишда давом этмоқда, дейилади хабарда.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, АҚШ иқтисодий ўсиши бу йил 6,8 фоизни ташкил этади, бу катта миқдордаги молиявий ёрдам ва карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида юзага келади. Бошқа иқтисодий ривожланган мамлакатлардаги ўсиш ҳам кескин бўлмаса-да, тезлашмоқда. Шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатлар орасида бу йил Хитой иқтисодиётида 8,5 фоизга ўсиш кутилмоқда.

Иқтисодий тикланишига қарамай, жорий йилнинг охирига келиб дунё ишлаб чиқариш ҳажми пандемиядан олдинги прогнозларга қараганда тахминан 2 фоизга паст бўлади. Шаклланаётган бозор ва ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларнинг қарийб учдан икки қисми 2022 йилга келиб жон бошига даромаднинг пасайишини қоплай олмайди.

Бундан ташқари, пандемия камбағалликни камайтиришдаги ютуқларни йўққа чиқарди ва вакциналар етишмовчилиги бўлган паст даромадли мамлакатларда беқарорликнинг кучайишига ва бошқа узоқ муддатли муаммоларнинг янада чуқурлашишига олиб келди, дея қайд этади таҳлилчилар.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўплаб шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатларда жон бошига даромад даражаси пандемия бошланишидан олдин эришилган даражадан паст бўлиб қолади. Ушбу даромаднинг пасайиши соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражасидаги йўқотишларни кучайтириши кутилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини 6 фоиз даражасига етказиш вазифасини қўйганини таъкидлаган эди.