Июнь ойи давомида барча ҳудудларда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида «Ёшлар ойлиги» ташкил этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров маълум қилди.

Маълум қилинишича, бу йил илк маротаба барча туман ва шаҳарларда 1 июндан 30 июнга қадар турли соҳалардаги танловлар, фестиваллар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ўтказилади.

Фото: Видеодан лавҳа

Шунингдек, ёшлар ойлиги доирасида ҳудудларда ўтказиладиган тадбир ва лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Фото: Видеодан лавҳа

Қайд этилишича, «Ёшлар ойлиги» доирасида Қорақалпоғистон Республикасида «Бўзатов Республика ёшлар овози» фестивали, Сирдарё вилоятида «Бағрикенг Ўзбекистон — умумий уйимиз» миллатлараро дўстлик фестивали, Фарғона вилоятида «Талабалар баҳори — 2021» фестивали, Сурхондарё вилоятида «Мунозара» интеллектуал республика турнири, Хоразм вилоятида «Ёшлар — Ўзбекистоннинг бебаҳо хазинаси» фестивали каби барча вилоятларни қамраб оладиган ёшлар фестиваллари, танловлар, учрашувлар ва акциялар ташкил этилади.

Таъкидланишича, республика бўйича 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони жами 14 миллион 784 минг нафарни ташкил этади. «Ёшлар ойлиги» доирасида 4 миллион 300 мингдан зиёд (14−30 ёшдагиларнинг 41%) ёшларни қамраб олиш режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.