Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси президентнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган эди.

Президент матбуот хизмати

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон мутахассислари афғонистонлик ҳамкасблар билан биргаликда мақбарани жойида ўрганди. Ўрганишлар натижасида анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.

Тақдим этилган лойиҳага кўра, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сузлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади. Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади.

Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.

2020 йилнинг декабр ойида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаппор Қирғизбоев раҳбарлигидаги делегациянинг Афғонистон Ислом Республикасига сафари амалга оширилган эди. Сафар чоғида Ўзбекистон томони Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича Афғонистоннинг мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.