Ўзбекистон буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги мақбарасини таъмирлашда Афғонистонга ёрдам беришни режалаштирилмоқда. Бу хақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

4−16 декабрь кунлари Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаппор Қирғизбоев раҳбарлигидаги делегациянинг Афғонистон Ислом Республикасига сафари амалга оширилди.

Сафар чоғида Ўзбекистон томони Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича Афғонистоннинг мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, 2021 йил Алишер Навоийнинг 580 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг миқёсда нишонланиши маълум қилинди.