Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги мактабда 9-синф ўқувчиси шериклари билан мактаб директори ўринбосарини калтаклади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 май куни директор ўринбосари А.С. 9-синф ўқувчиси А.Ш. имтиҳонга кечикиб келганлиги сабабли унга танбеҳ бериб, оғзаки уришганлиги учун ўқувчи аразлаб мактабдан чиқиб кетган. Ўқувчи шу куни амакисининг ўғиллари М.Ш. ва С.Ш.ларни мактабга бирга олиб келган, улар директор ўринбосарини хизмат хонасида уришиб, унга тан жароҳати етказишган.

Ҳолат юзасидан 31 май куни Тойлоқ туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан М.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (Безорлик бир гуруҳ шахслар томонидан) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.