Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳон спортида қатор аҳамиятли воқеалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

25 май куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг натижасида, бир неча футболчи ва расмийларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди:

  • Ўзбекистон Про лига 5-тури доирасидаги «Динамо плюс» — «Нефтчи» учрашув якунидан сўнг «Динамо» жамоаси мураббийлари Жасур Ҳамроев ва Дилшод Шарофитдиновлар бош ҳакам шаънига хақоратли сўзлар ишлатгани учун 2 та ўйиндан четлатилиб, жаримага тортилди.
  • Ўзбекистон «U18» Биринчилиги 3-тур доирасидаги «Оқ тепа U-18» — «Насаф U-18» учрашувининг 90+3-дақиқасида «Оқ тепа U-18» жамоаси футболчиси Баҳром Козимов унга нисбатан ўйин қоидасини бузган рақибига нисбатан тажовузкор ҳаракати қилгани учун 2 та ўйинга четлатиш имтизомий чораси қўлланилди.
  • Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи 3-тур доирасидаги «Aрал Самали» — «Локомотив» учрашувида «Aрал Самали» жамоаси бош мураббийи Тимур Турдиев унга ЎзПФЛ томонидан тақдим қилинган аккредитацияни ўз манфаатида бегона шахсга бергани ва уни техник зонага киритгани, бу билан 2021-йилги мавсумда ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламентининг 17.13, 17.17- бандларини бузганлиги учун у жаримага тортилди.
  • Ўзбекистон Футзал Олий лигасининг 16-тури доирасидаги «Бунёдкор» — «Металлург» учрашувининг 35-дақиқасида «Металлург» жамоасининг ўйинчиси Исломбек Бийтураев иккинчи ҳакам қароридан норозилигини билдириб, ҳакам шаънига хақоратли сўзлар ишлатгани учун 2 та ўйиндан четлатилиб, жарима белгиланди.
  • Ўзбекистон «U21» биринчилиги 7-тури доирасидаги «Сурхон U21» — «AГМК U21» учрашувининг 83-дақиқасида «AГМК U21» жамоаси футболчиси Искандар Бусинов тўп учун курашсиз рақиб оёғига қасдан зарба бергани ва тажовузкор хатти-ҳаракати қилгани учун унга нисбатан 3 та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.
  • Ўзбекистон «U21» биринчилиги 7-тури доирасидаги «Aндижон U21» — «Қўқон 1912 U21» учрашувининг 66-дақиқасида «Aндижон U21» жамоаси футболчиси Жамшидбек Хомидов мухлислар томонга қарата ножўя хатти-ҳаракати ва хақоратли сўзлар ишлатгани учун 3 та ўйиндан четлатилди ва жаримага тортилди.
  • Ўзбекистон «U21» биринчилиги 5-тури доирасидаги «Сурхон U21» — «Локомотив U21» учрашувининг 66-дақиқасида «Локомотив U21» жамоаси футболчиси Aнваржон Aлижонов рақиб ўйинчисини қўли билан ургани учун 2 та ўйинга четлаштирилиб, унга жарима интизом чораси қўлланилди.
  • Ўзбекистон «U18» Биринчилиги 2-тур доирасидаги «Сўғдиёна U-18» — «Оқ тепа U-18» учрашуви якунидан сўнг «Сўғдиёна U-18» жамоаси расмий вакили Aнвар Aлматов ва «Оқ тепа U-18» жамоаси бош мураббийи Отабек Мансуров учрашув бош ҳаками шаънига хақоратли сўзлар ишлатгани учун жаримага тортилди.
  • Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи 3-тур доирасидаги «Насаф» — «Бунёдкор» учрашуви давомида «Бунёдкор» жамоаси бош мураббий Шуҳрат Мақсудов ва ёрдамчи мураббий Марат Мифтахудинов ҳакам қарорига ўз норозилигини қўпол тарзда билдирганди. Ҳакам шаънига хақоратли сўзлар ишлатгани ва бу билан улар 2021-йилги мавсумда ЎзПФЛ Регламентининг 18.2, 18.3- бандларини бузгани учун уларга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Июнь охирида Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тошкент шаҳрида йиғин ташкил этади. Пойтахтга Жаҳон чемпионати иштирокчиси ва Жанубий Aмериканинг энг кучли терма жамоаларидан бири бўлмиш Венесуела терма жамоаси ташриф буюради. ЎФA билан келишувга кўра, Венесуела Тошкентдаги йиғинлар доирасида 25−28 июнь кунлари Ўзбекистон терма жамоаси билан иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади. Ўйинлар «Юнусобод» спорт мажмуасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Олимпиада чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров навбатдаги жангини кимга қарши ўтказиши маълум бўлди. Ҳамюртимиз 26 июнда Квинтон Рендаллга қарши, Ломаченко-Накатани ўртасидаги жанг оқшоми кунида рингга кўтарилади.

11 июнь куни пойтахтдаги «Юнусобод» спорт мажмуасида профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев томонидан ташкил этилаётган мазкур бокс оқшомининг марказий жанги ўзининг иштирокида бўлиб ўтади. Боксчининг «Olamsport.com» сайтига хабар беришича, у 10 раунддан иборат жангни ганалик Роберт Куайега қарши ўтказади. Оқшом доирасида яна камида 7 та жуфтлик жанг учун рингга кўтарилади.

25−26 май кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида пара-дзюдо бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини берувчи Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди. Пара-дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу мусобақада 10 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Саудия Арабистонида ўтадиган марказлашган саралаш баҳслари учун якуний таркибни эълон қилди. Таркибга 28 нафар футболчи жалб этилган.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Июнь ойида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасида Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши ўйинларда кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради. Марказлашган турнир Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.

28 май куни ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан Про-лигада қатнашувчи «Янгиер» ҳамда «Шўртан» футбол клубларининг айрим вакиллари хақ эвазига келишилган ўйинларда қатнашганлиги ва тотализатор ўйнаб келган шаҳсларга ёрдам берганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича инспекция тегишли маълумотларни тўплаб, ЎФA Этика қўмитасига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун тақдим этди.

Маълумотлар бўйича ЎФA Этика қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Про-лига мусобақасида қатнашувчи «Янгиер» ҳамда «Шўртан» футбол клубларининг айрим вакилларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилган. Айрим футболчи ва мутахассислар келишилган ўйинларда қатнашганлиги, тотализатор ўйнаб келган шаҳсларга ёрдам берганлиги ҳамда ёрдам беришга уринганлиги учун 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатларга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.

Мазкур қарор ЎФA томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.