Январь-март ойларида Ўзбекистон давлат қарзи миқдори $23,2 млрд ни ёки ЯИМга нисбатан 40,1% ни ташкил этди ва йил бошига нисбатан $133,7 млн га камайди, дея маълум қилинди Молия вазирлигининг 2021 йил 1 апрель ҳолати бўйича давлат қарзи ҳақида берган ҳисоботида.

Ҳисобот даврида давлат ташқи қарзи $21 млрдни (ЯИМга нисбатан 36,3%) ташкил этди ва йил бошига нисбатан $73,6 млнга камайди. Давлатнинг ички қарзи эса $2,2 млрд ни ёки ЯИМга нисбатан 3,8% ни ташкил этди ва йил бошига нисбатан $60,1 млнга камайди.

Давлат қарзининг $133,7 млн га камайиши, асосан, янги жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилишига қарамай давлат қарзи бўйича асосий қарз тўловларининг амалга оширилиши ҳамда давлат қарз портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан изоҳланади.

Хусусан, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида:

  • республика номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи $126,2 млн га камайди;
  • давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи $52,6 млн га ошди;
  • давлат кафолати остида жалб қилинган ички қарз қолдиғи $73,1 млн га камайди;
  • давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш натижасида юзага келган мажбуриятлар қолдиғи 135 млрд сўмга ошди.

Давлат қимматли қоғозларига хизмат кўрсатиш харажатлари 1 трлн 36 млрд 300 млн сўмни ташкил этди. Шундан, асосий қарз тўловларига 935 млрд сўм, фоиз тўловларига 101,3 млрд сўм сарфланди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил оҳирида Ўзбекистон давлат ташқи қарзи 2020 йил бошига нисбатан 18% га ошгани ҳақида хабар берган эдик.