Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси ҳисоботида берилишича, давлат ташқи қарзи йил бошига нисбатан 18% га ошган.

1 октябрь ҳолатига, Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 20,8 млрд доллар эквивалентини ёки ЯИМга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этган.

Шу жумладан давлат ташқи қарзи 2,8 млрд долларга ёки йил бошига нисбатан 18 фоизга ошиб, 1 октябрь ҳолатига 18,5 млрд долларга ёки ЯИМга нисбатан 32,8 фоизга етди.

Шундан:

  • Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз — 12,7 млрд доллар;
  • Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз — 5,8 млрд доллар.

Давлат ички қарзи эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 23,6 трлн сўмни (2,3 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 4 фоизни ташкил этди.

Шундан:

  • Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз — 4,7 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар);
  • Ҳукумат кафолатлаган ички қарз — 18,9 трлн. сўм (1,9 млрд. доллар).

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон давлат қарзи (ЯИМга нисбатан — 36,8 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан — 32,8 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда, дейилади вазирлик ҳисоботида.