Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг мамлакатдаги идораси Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Давлат департаментининг молиявий кўмагида Можароли ҳудудлардан қайтган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ, Европа Иттифоқи ва AҚШнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини бошлади. Бу ҳақда томонларнинг 27 май куни эълон қилинган баёнотида сўз боради.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги аёллар ва болаларни қайтариш бўйича бешта «Меҳр» операциясини ўтказди. Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами бўлиб 531 киши олиб келинди.

Мувофилашган ҳаракатлар репатриация қилинган инсонларни жамиятга қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш учун техник ва молиявий ресурсларни ўз ичига олади. «Ушбу ҳаракатлар болаларни жабрланувчилар сифатида тан олишга ҳамда болалар ва аёллар учун гендер масалалари инобатган олинган ҳамжамиятлар даражасидаги реинтеграция дастурлари ёрдамида уларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асосланган», — дейилади баёнотда.

Давлат департаменти томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур Ўзбекистонга йўналтирилган бўлиб, ЕИ томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ҳам қамраб олади.

Ёрдам «БМТнинг Сурия ва Ироқдан қайтиб келган шахслар масаласи бўйича аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал дастури» доирасида тақдим этилади. Дастур иккита таркибий қисмни ўз ичига олади: биринчиси, репатриаци қилинган шахсларнинг ҳимояси ва гуманитар эҳтиёжлари учун масъул (ЮНИСЕФ бошчилигида), иккинчи компонент эса баъзи қайтиб келганлар томонидан эҳтимолий содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик ва хавфсизликни таъминлайди (БМТ Аксилтеррор бошқармаси раҳбарлигида).

«Бугунги учрашув кенг кўламли ҳамкорликнинг бошланишига бағишланган. Ва ишончим комилки, бу ўз ватанига қайтиб келган болалар ва аёлларнинг реинтеграцияси ҳамда уларнинг қайта радикаллашувига йўл қўймаслик учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришда ўзига хос бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади», — деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев.

«Европа Иттифоқи экстремизм, радикаллашув ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш ва уни енгиш бўйича кўп томонлама ҳамкорликнинг аҳамиятини тан олади. Кучли техник ёрдам кўрсатиш ва инсон салоҳиятини кучайтириш орқали ушбу ҳаракат инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, демократияни ривожлантириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Қайтаётган болалар ва оилаларни қайта интеграциялашуви аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ва умуман аҳолининг имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради, уларнинг кенгроқ ижтимоий-иқтисодий интеграциялаш имкониятларини ошириш, камбағалликни ва ижтимоий жиҳатдан ажратиб қўйишни камайтириш орқалитинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди», — деди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан.

«Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини можаро зоналаридан, шу жумладан Ироқ ва Суриядан ватанига қайтариш ва реинтеграцияси бўйича ҳаракатларини олқишлайди. Бундай саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон каби фаоллик кўрсатган мамлакатлар камдир», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

«ЮНИCЕФ Марказий Осиёдаги ҳукуматлар билан қуролли тўқнашувлардан зарар кўрган болаларнинг интеграциялашувида болалар ҳуқуқига асосланган ёндашувини қўллаш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда, — деди ЮНИCЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Aфшан Хан. — Қанчадан-қанча болаларнинг оилалари билан қайта бирлашгани бизни руҳлантиради, ва биз ҳар бир болага камситилишдан ҳимояланиш ва бошидан кечирганларидан халос бўлиш имконияти берилишини таъминлаш йўлида ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишга аввалгидек содиқмиз»

БМТнинг мамлакатдаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, репатриацияларнинг катта қисми Ўзбекистон ва Қозоғистонга тўғри келади — 900 га яқин одам, шу жумладан 600 дан ортиқ болалар қайтиб келди. 2019 йил апрель ойи охирида Тожикистон Ироқдан 84 болани ўз ватанига қайтариш бўйича бир марталик операция ўтказди. 2021 йил март ойида узоқ тайёргарликдан сўнг Қирғизистон Ироқдан қаровсиз 79 болани қайтарди.

«80 дан ортиқ мамлакатдан минглаб шахслар, шу жумладан оила аъзолари, ИШИД ва БМТ томонидан террористик деб тан олинган бошқа гуруҳларга қўшилиш учун Сурия ва Ироққа борган деб ҳисобланади. Баъзи оила аъзолари ихтиёрий равишда қўшилишган бўлса, бошқа кўплари оила аъзолари билан боришга ёки уларга эргашишга мажбур қилинган, манипуляция қилинган. Бундан ташқари, минглаб болалар Сурия ва Ироқдаги можаролар пайтида чет элликлардан дунёга келган», — дейилади хабарда.

«Урушлар пайтида кўплаб хорижий террорчи жангчилар ўлдирилганига қарамай, кўплаб одамлар, айниқса аёллар ва болалар жанглардан қочиб, лагерларга кўчирилган», — дея қайд этилган хабарда.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда 68 минг киши Суриянинг шимоли-шарқидаги Aл-Хол ва Aл-Рож лагерларида яшамоқда. Тахминан 10 минг ироқлик ёки суриялик бўлмаган «учинчи мамлакат фуқаролари» 50 дан ортиқ мамлакат вакилларидир. Уларнинг 99 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

«Лагерлардаги аҳвол хавфли, яшаш шароитлари ёмон, хусусан Aл-Хол ва Aл-Рож лагерларида мавжуд бўлган хавфли ва зўравонлик у ердаги заиф гуруҳларнинг аҳволини яна ёмонлаштиради. Сурия ва Ироқ билан боғлиқ бўлган судларда кўриб чиқилаётган ишлардан ташқари, Aфғонистонда юзлаб аёллар ва болалар хибсда сақланмоқда», — дейилади хабарда.