«Меҳр-5» операцияси натижасида Суриядаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар қилди Daryo. Мазкур операция АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган.


Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.


Қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди. Жумладан, «Меҳр» инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилда Суриядан 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар, 2019 йилнинг октябрида Ироқдан 64 нафар ўзбекистонлик бола, 2020 йилнинг декабрида («Меҳр-3») Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилдаги «Меҳр-4» операцияда эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган эди.