Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси ҳудудида меҳрибонлик уйларининг собиқ тарбияланувчилари ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтаклангани ва таҳқирлангани ҳолатини назоратга олди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Расмий баёнотда тез орада ушбу ҳолатга қонуний баҳо берилиши юзасидан батафсил маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ меҳрибонлик уйларининг собиқ битирувчилари уларга Самарқанд вилояти Қорасув масканидан уй-жой ажратилгани, бироқ улар бу уйларнинг кредитга берилгани ва ҳар ой 2,5 млн сўмдан тўлаб бориш кераклиги ҳақида огоҳлантирилмагани боис ёрдам сўраб Тошкентга боргани, бироқ Вазирлар Маҳкамаси ҳудудида ИИО ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, улар Вазирлар Маҳкамасининг аризалар бўлими бошлиғи йиғилганларни ҳақоратлаб, етимлигини юзига солиб, қанча берса ҳам тўймасликда ва ношукурликда айблагани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдириб, вазият шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан назоратга олингани, хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.