Маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентда бўлиб ўтаётган Беш ташаббус ҳаракати доирасида ёшлар форумидаги очиқ мулоқотда «сўнгги вақтларда баъзи санъаткорларнинг дин сабаб соҳани тарк этиб, санъатни ҳаром деб атаётгани» ҳақида муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Халқ сўзи».

Вазирнинг таъкидлашича, халқ олдида дин тўғрисида гапириш учун камида 25 йиллик билим олган бўлиш керак.

«Динни яхши билмасдан туриб, динни яхши тушунмасдан туриб, жамоат олдига чиқиб, халқ олдига чиқиб, минбардан туриб диндан гапириш учун, кечирасизу, менинг назаримда, камида 25 йиллик билим олган бўлиш керак. 25 йиллик, камида, энг камида… Етарли даражада билим олиб, ундан кейин дин номидан гапириш менимча сал ярашади», — деди у.

Озодбек Назарбеков инсон ўзи эътиқод қилган тушунчасини ҳаммага қабул қилдиришга уриниши нотўғри эканлигини таъкидлади.

«Ўзи куни кеча умуман бошқа ҳаёт тарзини бошидан кечириб турган одам бир кунда минбарга чиқиб диндан гапириши ғалатироқ менимча. Лекин, албатта, ҳар бир инсонни эътиқодига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам ўзи эътиқод қилаётган тушунчани ҳаммага қабул қилдиришга уриниш ҳам сал нотўғрироқ нарса», — деб айтди вазир.

Унинг фикрига кўра, «мусиқа ва санъатни ҳаром деб аташ — динни яхши тушунмаслик, ҳовлиқмаликдан».

«Мусиқа ёки санъат динимизда ҳаром бўлганида бугунгача етиб келмас эди. Амир Темурни ўзи қириб юборарди. Бизда диний билим уфурган бир даврда санъат қолмаган бўларди. Ўзбекистонни санъати йўқ бўлиб кетган бўларди. Мусиқа санъати мутлақ бугун бизгача келмас эди. Чунки биз яхши биламиз динни, диндан дунёга ўргатган давримиз бўлган, нафақат бу, бошқа йўналишларда ҳам. Диндан керак бўлса арабларга ўргатган давримиз бўлган. Наҳот ўша пайтларда яшаган санъат, мусиқа бугун ҳаромга чиқиб қолса, 4та одамни деб. Бу ўша қайсидир маънода динни яхши тушунмаслик, ҳовлиқмаликдан», — деди Озодбек Назарбеков.

«Эътиқод, иймонда инсон бир гавҳар топгандек ўзини тутолмай қолади. Шу пайтда сал устозлар билан маслаҳатлашиб иш кўрган тўғри бўлади менимча», — дея қўшимча қилди вазир.