24 май куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида содир бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисаси натижасида уч киши тан жароҳати олди, бир киши вафот этди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Cоат 00:15 ларда Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида «Epica» автомашинаси ҳайдовчиси Ш. Ш. (1989 й.т.) бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси ағдарилиб кетган. Маълумотга кўра, у машинани маст ҳолатда бошқарган.

Ҳайдовчи, шунингдек унинг йўловчилари — С.Н. (1990 й.т.) ва С.Р. (1988 й.т.) турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилишган.

Воқеа жойида ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспортни бошқариш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатлар аниқланмаган. Уларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.


Иккинчи ЙТҲ эрталаб соат 4:45 да Бунёдкор кўчасида содир бўлган. Spark ҳайдовчиси 36 ёшли Ф.Й. ажратиб турувчи тўсинга урилган. У касалхонага ётқизилган, аммо кейинчалик жароҳатлар туфайли вафот этган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.