Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга бағишланган видеоселектор ўтказмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Халқимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳолатидан норози. Ҳар бир раҳбар тиббиёт бўйича аҳоли олдида ҳисобдор бўлиши керак», — деди у.

Маълум қилинишича, жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи 13 фоиз аҳоли тиббиётда ижобий ўзгаришларни сезаётганини билдирган. Айниқса, Андижон, Хоразм ва Тошкент вилоятларида яшовчи аҳоли бу соҳадаги ишлар аҳволидан қониқмаяпти.

Жорий йилда бюджетдан 21 триллион сўм ажратилди (2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп).

«Бепул тиббиёт [тиббий хизмат назарда тутилмоқда — таҳр.] йўқ деяпти одамлар. Ҳаммаёқда коррупция деяпти одамлар. Республикадан маблағ ажратиляпти, лекин унинг қадрига етиб, тўғри йўналтирилмаяпти», — деди у.

Давлат раҳбари соҳада 5 та йўналишда жиддий ўзгаришлар қилиш шартлигини айтган:

Биринчиси, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш;

Иккинчиси, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш;

Учинчиси, рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш;

Тўртинчиси, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Бешинчиси, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш шарт.

Президент вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт раҳбарларининг фаолиятини танқиб қилиб, уларнинг ҳаммаси ҳам аниқ тушуниб ишламаётганини таъкидлаган.

«Лекин, вазир ўринбосарларининг масъул участкаси, масалани ҳал қилишда ваколати бўлмаса, фидойи бўлиб, пастга тушиб бевосита маҳаллада ишни ташкил қилмаса, ислоҳотлар аҳолигача етиб бориши қийин. Шу боис, бугундан бошлаб барча вазир ўринбосарлари ўз йўналишлари бўйича, ислоҳотлар натижадорлигига масъулиятни тўлиқ олган ҳолда, шахсан жавоб беради», — деди давлат раҳбари.

Шу йил 1 июлдан бошлаб сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш бўйича янги тизим жорий этилади.

Биринчи босқичда Сирдарё вилоятида оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали, эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган юрак ва қон-томир касалликларини даволаш учун аҳоли дори воситалари билан бепул таъминланади.

Давлат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Иноятовга бир ой муддатда бирламчи бўғинда даволаш бепул тиббий хизматлар пакетини амалиётга киритиш топшириғини берди.