Исроил ва Фаластин томонларининг жанговар ҳаракатлари зудлик билан тўхташи керак, БМТ барча томонлар билан зудлик билан ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ҳаракат қилмоқда, деди ташкилот бош котиби Антониу Гутерреш БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

«Жанг тўхташи керак. У зудлик билан тўхтатилиши керак. Бир томондан ракета ва миномёт ҳужумлари, бошқа томондан эса ҳаво ва артиллерия ҳужумлари тўхташи керак. Мен барча томонларни бу чақириққа қулоқ солишга чақираман», — деди Гутерреш.

«Ғазодаги қочоқлар лагерига қилинган ҳужум оқибатида бир оиланинг 10 аъзоси ҳалок бўлгани мени даҳшатга солмоқда. Гуманитар объектлар муҳофаза қилиниши керак», — деди БМТ раҳбари.

Гутереш журналистларга қўрқув ва тазйиқсиз ишлашга рухсат бериш кераклигини таъкидлади. «Ғазодаги ОАВ идораларининг йўқ қилиниши катта ташвишга солмоқда», — таъкидлади у.

БМТ бош котибининг таъкидлашига кўра, мавжуд вазиятдан чиқишнинг ягона йўли — БМТнинг тегишли резолюциялари, халқаро ҳуқуқ ва олдинги келишувлар асосида тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро тан олиш шароитларида қўшни бўлиб яшайдиган икки давлат тузиш бўйича, Қуддус иккала давлатнинг пойтахти бўлган ҳолда, музокараларга қайтиш бўлади.

8 майга ўтар кечаси Шарқий Қуддусда фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида кенг миқёсли тўқнашувлар юз берди. Тўқнашувлар бирданига иккита ҳудудда бошланди: Маъбад тоғи яқинида ва бир неча араб оилалари Исроил суди томонидан уйидан қувиб чиқарилиётган Шайх Жарраҳ кварталида, бу эса бир неча кунлик норозиликларга сабаб бўлиб, тартибсизликка айланган.

Исроил ва Фаластиннинг Ғазо сектори чегарасидаги вазият 10 май оқшомида кескинлашди. Эскалация бошланганидан бери 16 май ҳолатига кўра, Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 2,9 мингта ракета юборилган, улардан 1150 таси ушлаб қолинган. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилда 10 киши ҳалок бўлди, 50 га яқин киши жиддий жароҳат олди. Ғазо секторига ҳам Исроил юзлаб зарбалар берди. Исроил ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 188 кишига етди, улар орасида 55 нафар бола ҳам бор.