29 апрелдан бери уй қамоғида бўлган тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга нисбатан «ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш» бўйича айблов эълон қилинди, деб «Газета.uz»га унинг адвокати Сергей Майоров хабар берди.

Аввалроқ, «Газета.uz» пойтахт ИИББга таяниб, 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилиб, фуқаролардан 28 та ариза, шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушгани ҳақида ёзган эди.

Баёнотга асосан, блогер интернетда жойлаган видеоларида «ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотган».

Адвокат Сергей Майоровнинг таъкидлашича, Миразиз Бозоровга «уч нафар блогер» иши бўйича ҳам қўшимча айблов эълон қилинган.

«Дастлаб 28 апрель куни у туҳмат қилишда гумон қилинаётгани тўғрисида қарор чиқди. У гумонланувчи мақомида бўлган. Аризада фақат 110-мактаб ўқитувчилари ҳақида сўз юритилганди. Қонун бўйича агар эҳтиёт чораси тайинланган бўлса, 10 кун муддатда айблов эълон қилиниши керак. Шунинг учун 8 май куни унга нисбатан 110-мактабнинг ўқитувчилари ҳамда Бозоровга таъқиб бошлаган учта блогернинг аризасига биноан туҳмат қилиш бўйича айблов эълон қилинди», — деди ҳимоячи.

Миразиз Бозоровнинг ўзи Telegram-каналида учта блогер — Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий), Шуҳрат Мусаев ва Абусолиҳ Салимов (АбуСолиҳ Fox) номини айтиб ўтган. Унинг қайд этишича, блогерлар ўз обуначиларини унга қарши «қўзғаган». У, шунингдек, айтилган блогерлардан бири «ўлдиришга чақириқ билан» унинг аниқ манзилини эълон қилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, таҳдидлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилган мурожаатларига эътибор берилмаган.

Миразиз Бозоров 28 март куни ўз уйи олдида калтакланган. Унда бир неча жароҳат ва синишлар қайд этилган. Шу куни у аниме ва K-pop мухлисларини пойтахт марказига йиғилишга чақирган. Шу вақтнинг ўзида у ерда ЛГБТ га қарши акция бўлиб ўтган. Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтган. Ўнлаб эркаклар Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юриб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтган. ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган.

Кейинроқ пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент марказида икки фуқаро калтакланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди. Бир гуруҳ эркаклар кўчадан ўтаётганларни ЛГБТ тарафдорлари деб қабул қилишган.

Блогер шифохадан чиққач, унга 29 апрель куни таҳминан соат 23:15ларда Миробод туман суди томонидан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган эди. Унинг адвокати Сергей Майоров эса суд қарори устидан апелляция шикоятини киритган, бироқ у қаноатлантирилмаган.

Жума куни Тошкент шаҳар ИИББ Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг (жабрланувчининг сўзидан тузилган) фотороботини эълон қилди ва унинг асосида мазкур шахсни аниқлашда фуқаролардан кўмак сўради.