8 май, шанба куни Кобулда Дашт-и-Барчи ҳудудидаги қизлар мактаби яқинида портлаш содир бўлди. Дастлаб 56 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик қурбонлар сони 63 кишига етди, камида 150 киши жароҳат олди, дея хабар бермоқда Tolo News.

Мактабда учта портлаш содир бўлган: аввал машина портлаган, сўнгра иккита ракета учирилган. Мактаб ўқитувчисининг Tolo News га маълум қилишича, вафот этганларнинг аксарияти — қизлар.

Президент Ашраф Ғани воқеада «Толибон»ни айблади ва ҳужумни инсониятга қарши жиноят деб атади. Унинг сўзларига кўра, толиблар бундай ҳаракатлар билан Афғонистондаги тинчлик жараёнига тўсқинлик қилмоқда.

Бироқ, «Толибон»нинг ўзи мазкур ҳужумни қоралади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ижрочи директори Генриетта Фор мактабдаги терактни қоралади, деб хабар беради ташкилотнинг Янгиликлар маркази.

«Болалар ҳеч қачон зўравонлик қурбони бўлмаслиги керак», — деди ЮНИСEФ вакили.