Пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида ёзган эдик.

«Газета.uz» мухбири хабарига кўра, давлат раҳбари чет тилларини ўқитишда нодавлат таълим муассасалари ва Британия кенгаши, Гёте институти, Француз альянси, COICA, JAICA, Конфуций институти каби хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Мисол учун, чет тили ўқитувчиларининг 90 фоизи (46 минг нафар) инглиз тилига ихтисослашган бўлиб, Шарқ тиллари (хитой, корейс, турк, араб, форс) пойтахтдан бошқа ҳудудларда деярли ўқитилмайди.

Шу боис, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан бирга, ўзлари бириктирилган вилоятларда камида 2−3 тадан чет тилига ўргатиш марказини ташкил этишга ҳамда уларга ўзлари ишлаётган давлатлардан малакали ўқитувчи ва волонтёрларни жалб қилишга масъул бўлади.


Фарҳод Арзиевга икки ой муддатда БМТ бўлинмалари билан бирга, Дипломатия университетида турли соҳа мутахассисларига Чет тилларини чуқур ўргатиш марказини ташкил этиш топширилди.

Йиғилишда шунингдек, қишлоқ жойларда чет тилларини ўқитиш жараёнларига хусусий секторни жалб қилиш бўйича мутасаддиларга ҳам вазифалар белгилаб берилди.

«Республикада чет тиллари нодавлат ўқув марказларининг асосий қисми Тошкент шаҳрида жойлашган. Шунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 1 июлдан бошлаб, қишлоқ туманларида 5 тадан чет тилларига ўқитиш нодавлат ўқув марказларини ташкил этиш бўйича танлов эълон қилсин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, қишлоқ жойларида нодавлат ўқув марказлари ташкил этиш учун бўш бино ажратиш, керакли жиҳозлар ва адабиётлар сотиб олишга 50 млн сўмгача бир марталик беғараз кўмак ажратилади.