Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 30 апрель куни телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича Тожикистон ва Қирғизистон томонлари эришган келишувларни қўллаб-қувватлади.

«Мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниш муҳим экани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Тожикистонга бўлажак олий даражадаги ташрифга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди. Мамлакатларимиз бош вазирлари ўтган ҳафта Хўжанд шаҳрида ўтказган амалий учрашувнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кенг кўламли ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни биргаликда аниқлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ушбу ташриф 10−12 июнь кунлари амалга оширилиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.