Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил 1-чоракда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 1 905 та (2020 йил 1-чоракда 1 349 та) назорат тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Текширувларда 211,2 млрд сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, шундан 192,3 млрд сўми бюджетга тикланиши таъминланди.

Ҳисобот даврида вазирликлар ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 248 та назорат тадбирининг 198 тасида 43,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (9,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 4,6 мартага ошган;

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 275 та назорат тадбирининг 212 тасида 23,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (7,9 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,9 мартага ошган;
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 289 та назорат тадбирининг 242 тасида 41,2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (5,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 7,6 мартага ошган.
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 116 та назорат тадбирининг 111 тасида 22,4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йил 1-чоракда 135,4 млн сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган);
  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида ўтказилган 42 та назорат тадбирининг 36 тасида 16,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йил 1-чоракда 767 млн сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган).

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги (3,3 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт (3 млрд сўм), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (2,7 млрд сўм), Сув хўжалиги (2,5 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими (2,2 млрд сўм) вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (2,7 млрд сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар (3,4 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (2,9 млрд сўм), ҳокимиятлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари (34,2 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ҳисобот даврида вазирлик ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар динамикаси.

Маҳаллий бюджетлар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 189,1 млрд сўм миқдорида, жумладан Сирдарё (40,2 млрд сўм), Жиззах (23 млрд сўм), Андижон (19,8 млрд сўм), Тошкент (12,1 млрд сўм), Қашқадарё (11,4 млрд сўм), Сурхондарё (8,9 млрд сўм), Фарғона (8,1 млрд сўм), Самарқанд (7,9 млрд сўм), Хоразм (6,4 млрд сўм), Бухоро (6 млрд сўм), Наманган (5,2 млрд сўм), Навоий (1,4 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (16,5 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (21,9 млрд сўм) қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.

Маҳаллий бюджетлар маблағларини мақсадли сарфланишида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар динамикаси.

Шу билан бирга, ўтказилган назорат тадбирлари давомида кўрилган чоралар натижасида бюджет муассасаларида харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига ортиқча режалаштирилган маблағларни қисқартириш ва бошқа ноқонуний харажатларнинг тўхтатилиши ҳисобига жами 5,3 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағларини асоссиз сарфланишини олди олинди.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 9 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, кўриб чиқиш учун Маъмурий судларга юборилди.

Шунингдек, 1 458 та назорат тадбирида аниқлангани 210,1 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4729 та назорат тадбирларида 246 млрд сўмлик бюджет камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, бу миқдорнинг 168,8 млрд сўми бюджетга қайтарилган.