Молия вазирлигининг хабар беришича, 2020 йилда бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4729 та назорат тадбирларида 246 млрд сўмлик бюджет камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, бу миқдорнинг 168,8 млрд сўми бюджетга қайтарилган.

Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич 2019 йилгига (142,6 млрд сўм) қараганда 1,7 баробарга ошган.

Йил давомида бюджет билан боғлиқ энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган вазирликлар ва идоралар:

  • Халқ таълими вазирлиги — 96,6 млрд сўм миқдорда;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 40 млрд cўм;
  • «Ўзбеккино» миллий агентлигида — 17,9 млрд сўм;
  • Мактабгача таълим вазирлиги — 16,7 млрд сўм;
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги — 9,4 млрд сўм.

Шунингдек, Маданият (6,8 млрд сўм), Сув хўжалиги (5,6 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими (5 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт (4,1 млрд сўм), Қишлоқ хўжалиги (3,1 млрд сўм) вазирликлари ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар (3,5 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (7,8 млрд сўм), ҳокимиятлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари (8,4 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ҳисобот даврида вазирлик ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар динамикаси


Маҳаллий бюджетлар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 175,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ва бошқа хато-камчиликлар ҳолатлари аниқланган:

  • Қашқадарё вилояти — 26,1 млрд сўм;
  • Андижон вилояти — 19,8 млрд сўм;
  • Сурхондарё вилояти — 16,5 млрд сўм;
  • Фарғона вилояти — 14,4 млрд сўм;
  • Тошкент шаҳрида — 13,8 млрд сўм;
  • Тошкент вилояти — 13,2 млрд сўм;
  • Жиззах вилояти — 13 млрд сўм;
  • Самарқанд вилояти — 13 млрд сўм;
  • Сирдарё вилояти — 12,9 млрд сўм;
  • Наманган вилояти — 12 млрд сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 8,1 млрд сўм;
  • Хоразм вилояти — 6 млрд сўм;
  • Бухоро вилояти — 3,6 млрд сўм;
  • Навоий вилояти — 2,4 млрд сўм миқдорда.

Таъкидланишича, 2020 йилда бюджет муассасаларида ўтказилган назорат тадбирларида 54,5 млрд сўм миқдорида нақд пул маблағларини ўзлаштириш (банкдан олинган нақд пулни ташкилот ғазнасига кирим қилинмаслиги, ишламаган шахсларга иш ҳақи ҳисобланиб, тўланиши ва бошқалар) ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу қонун бузилиши ҳолатлари ўтган йил (2019 йилда — 7,2 млрд сўм) га нисбатан 7,5 мартага кўпайган.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 48 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига ўрнатилган тартибда жарималар қўлланилди. Шунингдек, 3 033 та назорат тадбирларида аниқланган 239,5 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.