Қуддусда таровеҳ намозидан сўнг бошланган тартибсизликларда 100 дан ортиқ фаластинликлар жароҳат олди

22 апрель куни Қуддуснинг эски шаҳрида Дамашқ дарвозаси олдида полиция араб ва яҳудий ёшлари ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олишга ҳаракат қилганда тартибсизликлар бошланди. Исроил полицияси маълумотларига кўра, биринчи тўқнашувлар таровеҳ намози тугаганидан сўнг юзлаб ёш фаластинликлар Эски шаҳарнинг Дамашқ дарвозаси олдида намойиш уюштириб, полицияга тош отишни бошлаганлар. Шу пайтда, ўта ўнг қанотли Леҳава ҳаракати вакиллари (ёш исроилликлар) «арабларни тўхтатиш ва кимнинг шаҳри эканлигини эслатиш учун» тўқнашув жойига келишди, дейилади хабарда. Jerusalem Post’нинг ёзишича, юзлаб ёш исроилликлар у ерга «террорчиларга ўлим» ва «арабларга ўлим» деб ёзилган плакатлар билан келишиб, полиция қуршовини бузиб ўтишга ҳаракат қилишган. ОАВнинг хабар беришича, фаластинликлар Исроил полицияси ва Леваҳа ҳаракатининг вакилларига тош ва шишалар ўтишган. Полиция ходимлари оломонни тарқатиш учун кўздан ёш оқизадиган газ, шовқинли гранаталар ва сув пуркагичлардан фойдаланган.

«Кеча Қуддус шаҳридаги тўқнашувларда жароҳат олганларнинг умумий сони 105 нафарни ташкил этди, улардан 22 нафари касалхонага ётқизилган [фаластинликлар]. Шифохонага ётқизилганларнинг ҳаммаси ўртача даражадаги жароҳатлар олган», — дейилади Қизил ярим ойи хабарида. Исроил полицияси тартибсизликлар натижасида 50 дан ортиқ одам ҳибсга олинганлигини, шунингдек, полициянинг 20 нафар ходими жароҳат олганини маълум қилди. — РИА Новости.

ТАССнинг ёзишича, Рамазон ойи бошланиши билан Шарқий Қуддусда фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашувлар кузатилмоқда.


AҚШнинг Ироқдаги базасига ракета ҳужуми уюштирилди

Ироқда AҚШ ҳарбийлари жойлашган Виктория базаси яқинига бир неча ракеталар учирилди. База Бағдод халқаро аэропорти яқинида жойлашган. Shafaq News’нинг манбасига кўра, «номаълум шахслар Бағдод халқаро аэропортидаги ҳарбий базага учта ракета учиришган». Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган. Шунингдек, C-RAM махсус тизими ракеталарни йўқ қила олмагани ва аниқлай олмагани таъкидланмоқда. Ҳозирда, Ироқ ҳарбий кучлари ракета ҳужуми қилинган жойни қидирмоқда. — Shafaq News.

Қўшимча маълумот учун, AҚШнинг Ироқдаги қўшинлари сонини қисқартиришни режалаштирмаётгани маълум бўлди. АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбарининг таъкидлашича, Ироқ ҳукумати бундай талабни қўймаган.


Aфғонистон мамлакатдан чиқиб кетаётган чет эл қўшинларининг қуролларини олиб қолишни режалаштирмоқда

Aфғонистон ҳукумати АҚШ ва НАТО мамлакатдан қўшинларни олиб чиқиб кетаётганда республика армиясига қурол ва ҳарбий техникани қолдириб кетишини кутмоқда. «Бизга бу қурол ва ускуналар керак ва уларни AҚШ бизга топширишини истардик», деди Aфғонистон Мудофаа вазирлиги вакили Фавад Aман. Шу билан бирга, НAТО миссияси қўмондонлиги афғон қуролли кучларига қурол-яроғ ва техникани топширишга тайёр ёки тайёр эмаслигини ҳали эълон қилмаганлигини таъкидлади. Aфғонистон ОАВнинг хабарларига кўра, Қобул маҳаллий ҳукумати AҚШ ва НAТОга ўзлари билан қурол олиб кетмаслик ҳақида расмий илтимос билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, AҚШ қуролларининг бир қисми 2014 йилда йўқ қилинган. Бундан ташқари, уларнинг сўзларига кўра, ҳарбий техника илғор технологиялар билан жиҳозлангани сабабли АҚШ ва НAТО уларни қолдириб кетмаслиги мумкин. — Интерфакс.

АҚШ 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлайди ва бу жараённи 11 сентябрь қадар якунлаш режалаштирилган. Шунингдек, бундай қарорни НАТО, Буюк Британия, Грузия, Болгария қабул қилишди.


Мьянма ҳарбий ҳукумати 26 мухолифат етакчисини ҳибсга олишга ордер берди

Мьянма ҳарбий ҳукумати ўзларини миллий бирлик ҳукумати вазирлари деб эълон қилган 26 нафар мухолифат етакчиларини ҳибсга олишга ордерлар берди. Миллий бирлик ҳукумати Мянмадаги ҳарбий тўнтаришга қарши бўлган кучларни бирлаштиришга чақирган. Амалдаги ҳукумат уни ноқонуний ташкилот деб эълон қилиб, ушбу ташкилотнинг барча 26 аъзосига сиртдан хиёнат қилиш айбловини қўйди. Бунинг учун Мьянма қонунларига кўра улар ўлим жазосига қадар жазога тортилиши мумкин. Миллий бирлик ҳукумати 16 апрелда ташкил этилган. Унинг таркибига асосан мухолифатдаги Демократия учун Миллий лиганинг қолган раҳбарлари кирди.

21 апрель ҳолатига кўра 739 киши, шу қаторда болалар намойишлар пайтида вафот этди. Ҳукуматга қарши ҳаракатининг 3,3 мингдан ортиқ иштирокчилари ҳибсга олинган, улардан 76 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1059 намойишчини ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган. — Kyodo.

1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳукумат раҳбарлари ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида эълон қилган эди.


Болтиқбўйи давлатлари россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилишди

Латвия, Литва, Эстония Ташқи ишлар вазирликлари, ҳамда Словакия Чехия билан бирдамлик сифатида Россия элчихоналари ходимлари мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида эълон қилишди.

Жами бўлиб Россиянинг 7 нафар дипломати ушбу давлатлардан чиқариб юборилади — бир нафардан Латвия ва Эстониядан, икки нафари Литвадан ва уч нафари Словакиядан. Россия ТИВ Болтиқбўйи давлатларининг ушбу ҳаракатларини жавобсиз қолдирмаслигини маълум қилди.

22 апрель куни Россиянинг Прагадаги элчихонасининг 63 ходими Чехия Республикасини тарк этиши керак, дея маълум қилди Чехия ташқи ишлар вазири Якуб Кулганек. Шундай қилиб, 31 майга қадар Россиянинг Чехиядаги ва Чехиянинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарида бир хил сонда, яъни етти нафар дипломат ва 25 нафар маъмурий ва техник ходимлари қолади.

18 апрель куни Чехия Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган эди. Бунга жавобан Россия ТИВ томонидан Чехия элчихонасининг 20 нафар ходими «персона нон грата» деб эълон қилинган.