Туркманистонда давлат раҳбари «имижини бузмаслик» учун Туркманободда озиқ-овқат маҳсулотлари учун навбатлар тақиқланди. Мазкур тақиқ мамлакат президентининг ўғли, бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовнинг буйруғи билан жорий қилинди. Бу ҳақда Азатлиқ маълумотларига таяниб, TJ хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, Сердар Бердимуҳамедов савдо вазиридан бирон бир фуқаро дўконларнинг атрофида ёки унинг олдида тўпланмаслигини талаб қилди. Чунки оломон «ота-президент имижини бузмоқда».

Янги қоидаларга кўра, фуқаролар дўконларда рўйхатдан ўтишлари ва озиқ-овқат сотиб олишлари учун қўнғироқни кутишлари керак. Туркманободда тўрт кишигача навбатда туришга рухсат берилди, қолганлари энг яқин подъездларда ўз вақтларини кутишлари керак.

«Полиция ходимлари дўконларнинг олдида тўрт кишидан кўпроқ одамнинг навбатда туришига йўл қўймаяпти. Шунингдек, товарлар, дўконнинг асосий кириш қисмидан эмас, балки орқа эшик орқали сотилади. Агар кимдир норозилик билдирмоқчи бўлса, полиция уни ҳибсга олиш ва жазо сифатида навбатдан олиб ташлаш билан таҳдид қилмоқда» — дейди Туркманободда истиқомат қилувчи фуқаро.

Аввалроқ, худди шу тақиқ Туркманистон пойтахти Ашхободда ҳам жорий қилинган эди, аммо аҳоли буни эътиборсиз қолдирган. Бу эса навбатда турган одамларни ҳибсга олиш ҳолатларига олиб келган. Айтилишича, ҳибсга олинганлар орасида кўплаб аёллар бор.

4 йилдан бери Туркманистонда озиқ-овқат инқирози давом этмоқда. Хусусий дўконларда ва бозорларда нархларнинг кўтарилиши фуқароларни эрталаб 6 дан 8 гача сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда сотиб олишга улгуриш учун эрта тонгда навбатда туришга мажбур қилмоқда.

Мамлакат расмийлари озиқ-овқат инқирози ва ижтимоий-иқтисодий муаммолар мавжудлигини тан олишмаган.