Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Истиқлол» мажмуаси концепцияси лойиҳаси яқин кунларда тасдиқланади. Бу ҳақда 23 апрель куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида қурилиш вазири Ботир Зокиров маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Тошкентда «Истиқлол» мажмуаси ташкил этилиб, у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композицияси барпо этиш президентнинг 2020 йил 17 декабрдаги қарорида кўзда тутилган эди.

Февраль бошида Фанлар академияси Тошкент ҳокимлиги орқали мажмуа концепцияси лойиҳасини яратиш бўйича танлов эълон қилди. Танлов доирасида ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий, маънавий тарихи ҳамда ўтган 30 йил, айниқса, Янги Ўзбекистонни қуриш босқичини ўзида қамраб олган жараёнларни гавдалантирувчи «Истиқлол мажмуаси»нинг концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

«Газета.uz» 11 январда президент Шавкат Мирзиёевга мажмуа лойиҳаси тақдимоти ўтказилганини хабар қилган эди.

Кейинроқ пойтахт ҳокимияти «Истиқлол» мажмуаси қурилиши режалаштирилаётган жойни ўз ичига олган «Мовий гумбазлар» хиёбони макетини тақдим этди. Макетда боғ ҳозирги ҳолатда тасвирланган бўлиб, фақатгина стелла ўрнатилиши кўзда тутилган.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров ҳам «Истиқлол» мажмуаси учун жой танланганлигини тасдиқлади.

«Муҳтарам президентимиз жойга чиқиб, ушбу масала билан танишди ва ўз фикрларини билдирди. У бу йўналишда қўшимча ишларни бажариш учун кўрсатмалар берди», — деди у.

Қурилиш вазирлиги раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Фанлар академияси Тарих институти ўзларининг веб-сайтлари орқали «Истиқлол» мажмуаси концепсияси лойиҳасини яратиш учун танлов эълон қилганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, танловда 33 номзод қатнашди, шулардан 14 нафари ўз ишларини намойиш этди. Комиссия президентга тақдим этилган асарларни танлаб олди, деди у.

«Ушбу масала бўйича бизнинг ишимиз давом этмоқда. Муҳтарам президентимиз танлов муддатини 10 кунга узайтириш бўйича кўрсатма берди. Яқин кунларда концепсия лойиҳаси маъқулланади ва иш бошланади», — деди Ботир Зокиров.

Фанлар академияси Тарих институти танлов эълон қилинганидан бери танловда иштирок этадиган ишларнинг лойиҳаларини тақдим этганича йўқ.