Тошкент ҳокимлиги Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Истиқлол» мажмуаси консепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилди.

Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, Шараф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари орасидаги ҳудуд — Марказий универмаг қаршиси ушбу объектни қуриш учун танланган.

Тошкентда «Истиқлол» мажмуаси ташкил этилиб, у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композицияси барпо этиш президентнинг 2020 йил 17 декабрдаги қарорида кўзда тутилган эди.

Танлов доирасида ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий, маънавий тарихи ҳамда ўтган 30 йил, айниқса, Янги Ўзбекистонни қуриш босқичини ўзида қамраб олган жараёнларни гавдалантирувчи «Истиқлол мажмуаси»нинг концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган юридик ва жисмоний шахслар (ижодкорлар) томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқишлари талаб этилади:

  • мажмуанинг бош ғояси;
  • мажмуанинг тузилмаси — бош режаси (майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан);
  • мажмуанинг асосий рамзи ва тимсоллари;
  • мажмуада акс эттириладиган тарихий воқеликлар (ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик тарихи, сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий соҳалардаги ютуқларини инобатга олган ҳолда);
  • тарихан мамлакатимиз ривожи ва мустаҳкамланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз, миллий қахрамонларимизни мажмуада тасвирлаб бериш;
  • жумладан, моддий маданият дурдоналари, буюк давлат ва ҳарбий арбоблар, атоқли аёллар, илм-фан ва маданият арбоблари, миллий озодлик кураши етакчилари ҳамда оламшумул тарихий воқелар тўғрисида;
  • мажмуанинг меъморий ечими — безаклар, рамзий тимсоллари;
  • дунё давлатларида бунёд этилган мустақиллик ёдгорликларидан фарқ қилган ҳолда, мажмуанинг ўзига хос хусусиятлари;
  • мажмуани бунёд этишда фойдаланиш таклиф этиладиган қурилиш материаллари (мармар, ёғоч, тош ва бошқалар);
  • мажмуанинг мазмунида тарихий манбалар, хусусан, илм-фан, санъат, архитектура ёдгорликларидан фойдаланиш;
  • мажмуанинг маънавий, маърифий ва тарбиявий аҳамияти.

Танлов жорий йилнинг 7 март куни якунланади. 10 мартга қадар эса ғолиблар аниқланади.

  • I ўрин — 300 млн сўм пул мукофоти ва Ҳукумат номидан расмий табрикнома;
  • II ўрин — 200 млн сўм пул мукофоти ва Ҳукумат номидан расмий ташаккурнома;
  • III ўрин — 100 млн сўм пул мукофоти.

Ҳокимият танлов ҳақидаги батафсил маълумотлар ФА Тарих институти сайти орқали танишишни таклиф қилган, бироқ сайт ишлаётгани йўқ.

Тошкентдаги ЦУМ қаршисида қуриладиган «Истиқлол» мажмуасининг эҳтимолий лойиҳаси. Фото: «Ўзбекистон 24».

11 январь куни президент Шавкат Мирзиёев банклар 2021 йилда амалга оширишни режалаштирган йирик инвестиция лойиҳаларининг тақдимоти билан танишган эди. «Газета.uz» улар орасида, тақдимотга кўра, Марказий универмаг қаршисида жойлашган мажмуа лойиҳаси борлигига эътибор қаратганди.