Ижтимоий тармоқларда ёнғин ўчириш машиналари томонидан сув сепилаётган жараёнлар акс этган видеолар кенг тарқалди. Видеолавҳаларда машиналар йўл бўйлаб юриб, одамлар устига ҳам сепилаётганлиги кўринган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат вазирлик томонидан тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу вазият Андижон вилояти Марҳамат ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманларида юзага келганилиги маълум бўлди. Унга кўра, юқорида қайд этилган ҳудудларда коронавирус инфекциясининг ўчоғи аниқланган ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, дезинфекция ишлари шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширилган.

Ҳодиса юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли ходимларга интизомий таъзир чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили карантин пайтида, кўчалардаги пиёдаларга махсус транспорт воситаларида хлор аралаштирилган сув эритмаси сепилган ҳолатлар ҳам кузатилган.