19−24 апрель кунлари АҚШнинг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида ўтказилган «Илғор жангчи» мусобақасида Ўзбекистондан икки ҳарбийлар иштирок этиб, ғолиб бўлди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

Иштирокчилар сунъий тўсиқларни енгиб ўтиш, узоқ масофани босиб ўтиш, жанг майдонида ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, тунда ҳарбий топографияни билиш бўйича мусобақалашдилар.

Ташкилотчилар томонидан ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулла Олимовга мусобақа ғолиблари учун бериладиган «Илғор жангчи» мукофоти ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

«Биз учун анъанага айланган ушбу мусобақада ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз икккинчи маротаба иштирок этишмоқда. Тан олиб айтаманки, бу сафар ҳам улар нафақат жисмоний, балки жанговар ва ақлий тайёргарлик, қурол-аслаҳани билишда ҳам яққол устунликка эга бўлди. Бу эса бизнинг сержантларимизни ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди», — деди Миссисипи штати Миллий гвардияси сержантлар қўмондони сержант-майор Кристофор Йонг.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилда ҳам I ўринни қўлга киритган эди.

Видео

Фото