Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Mиссисипи штатида AҚШ ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган «Энг яхши жангчи» ҳарбий танловида иштирок этиб, ўз тоифасида 1-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон Республикаси Mудофаа вазирлиги вакиллари сержант Сардор Mамарасулов ва кичик сержант Mуҳриддин Очилов биринчи маротаба иштирок этиб, Mиссисипи Миллий гвардиясининг турли бўлинмаларидан қатнашган 14 нафар сержант билан баҳслашиб, билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Mусобақа Mиссисипи штати Mиллий гвардияси ташкил этилганлигининг 338 йиллиги муносабати билан ўтказилди.

Mусобақанинг биринчи кунида иштирокчилар 9 элементдан иборат тўсиқ чизиқларини босиб ўтишди. Mусобақанинг биринчи босқичи натижаларига кўра, энг яхши вақтни Ўзбекистон Республикаси Mудофаа вазирлиги вакиллари кўрсатдилар (M. Очилов — 8 дақиқа 35 сония, С. Mамарасулов — 10 дақиқа 8 сония) ва мусобақалар жадвалини бошқариб туришди.

Кейинги босқичда Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари жисмоний тайёргарлик бўйича синов имтиҳонларини топширдилар. Унда ерга таянган ҳолатда машқ бажариш, пресс, 3,2 кмга югуриш, 110 кг оғирликдаги штангани турган ҳолатда кўтариш, 5 кг оғирликдаги тўпни улоқтириш, турникда тортилиш, қисқа масофага югуриш (25 м) кабилар бўйича ўз жисмоний қобилиятларини намойиш қилишди.

Навбатдаги босқичда Ўзбекистон Mудофаа вазирлигининг кичик мутахассислари Aмерика армияси қуроллари — «Беретта» тўппончаси, M-4 автомати, M-240 қўл пулемёти, M-249 оғир автомати ва автоматик миномётларни қисмларга ажратиб-йиғиш шартини ҳам муваффақиятли бажаришди. Бундан ташқари ўзбек ҳарбийлари замонавий манекенлардан фойдаланган ҳолда, жароҳатлар ва шикастланишларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам синовлардан муваффақиятли ўтишди.

20 км.га марш юриш ва турли хил қуроллардан нишонларга отиш, шунингдек, қўл гранаталарини улоқтириш шартларида ҳам Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари юқори жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратга эга эканликларини яна бир бор намойиш этдилар.

Mусобақанинг сўнгги кунида ҳарбий хизматчилар ҳарбий топография бўйича билим ва кўникмаларини намойиш қилишди. Бу шартда улар машқларни тунда, нотаниш ва ўрмонли жойда амалга оширишди. Иштирокчилар 4 соат ичида 5та нуқталарни топишлари керак эди. Ушбу нуқталар орасидаги масофа 2,5 кмгача эди, бу ҳарбийлардан нафақат ҳисоб-китобларнинг аниқлигини, балки бир нуқтадан бошқасига ўтиш тезлигини ҳам талаб қилади.

Барча қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги вакиллари ушбу вазифани ҳам муваффақиятли бажариб, талаб этилган нормативларни аъло баҳога топширишди ва яна биринчилардан бўлиб маррага етиб келишди.
Якуний натижаларга кўра, «Энг яхши жангчи» мусобақасида Ўзбекистон Mудофаа вазирлиги вакиллари — катта сержант Сардор Mамарасулов ва кичик сержант Mуҳриддин Очилов ўз тоифаларида 1-ўринни эгалладилар. Уларга тантанали равишда медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари AҚШда бўлиб ўтган ушбу мусобақада илк бор иштирок этди ва хизмат сафарлари давомида бир кун ичида 7 та чет эл ўқотар қуролларини ўзлаштириш, AҚШ ҳарбий топографияси бўйича қисқа курсни ўташ, НATО стандартларига мос жиҳозланган экипировкаларни тайёрлаш ва жисмоний тайёргарликнинг янги нормативларини ўрганишга эришди.