ЎФA ҳакамлар департаменти бошлиғи Эркин Бахтиёров «Championat.asia» сайтининг «Самисов билан» лойиҳасига берган интервьюсида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 5-тури доирасида бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувидаги можарога тўхталди.

Унинг таъкидлашича, агар бош ҳакам ўша ўйинда сўнгги дақиқаларда пенальти бермаганида унга ўйин учун 2 баҳо қўйиларди ва ҳакамликдан маълум муддатга четлатилиши мумкин эди.

«Aгар ўша ўйинда учрашув муҳити, ундаги атмосфера, ўйинга йиғилган мухлислардан келиб чиқиб пенальти қўйилмаганида ҳакам ўша ўйин учун „2 баҳо оларди“ ва четлатиларди. Бизда ҳакамларни баҳолаш йўриқномаси бор. 90 дақиқалик ўйинда ҳакамнинг хатти-ҳаракати балли тизимда баҳоланади. Масалан, сариқ карточка бериш керак бўлган вазиятда бермаса, балл пасаяди. Ёки пенальти бериш керак бўлган вазиятда бермаса унда кўпроқ миқдорда балл олиб ташланади. Aгар ҳакам энг паст балл олса, у маълум бир муддатга [ҳакамликдан] четлатилади. Ўша куни Фирдавс Норсафаров ҳам пенальтини бермаганида унинг баҳоси ҳам пасаярди ва четлатилиши мумкин эди», — дейди у.

Эркин Бахтиёров агар пенальти берилмасдан, ўйин тинч якунланганида ва кейин «Пахтакор» вакиллари ҳолат бўйича ўз эътирозларини билдирганида уларнинг эътирозлари ўринли, асосли ва тўғри бўлишини айтиб ўтди.

Шунингдек, ЎФA ҳакамлар департаменти бошлиғи Намангандаги мухлисликка ҳам тўхталди. У «Навбаҳор» — «Пахтакор» ўйинидан кейинги ҳолатни ўзбек футболи учун хунук вазият бўлганини айтди.

«Aлбатта, Наманган ўз мухлислари билан доимо ажралиб турган. Наманган марказий стадионидаги ўйин рақиб жамоа учун ҳеч қачон осон бўлмаган. У ерда мухлислар ҳақиқатан ҳам 12-ўйинчи бўла олишади. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ўша ўйинда ҳам 90 дақиқа жамоаларини қўллаб-қувватлаб туришди. Лекин ўйиндан кейинги ҳолатлар ўзбек футболига ярашмайдиган, футбол учун хунук вазият бўлди», — дейди Эркин Бахтиёров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, «Навбаҳор» — «Пахтакор» жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйиндан сўнг, наманганлик мухлислар ҳакамларнинг ўйинда чиқарган қарорларидан норози бўлиб, тартибсизликлар юзага келтиришгани ва якунда ЎФА қарорига кўра «Навбаҳор» футбол клуби кейинги иккита уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши ҳақида хабар берилган эди.