Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев 18−19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини киритган эди.

Ушбу таклиф халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг ҳамда Наманган вилояти кенгашининг қарорлари билан маъқулланган.

Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил этади. 2019 йилда Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудлар ҳамда 6,3 минг гектар ер майдонлари қўшилган.

Наманган шаҳрида жойлашган 79 та маҳалладан 24 таси, 70 та мактабгача таълим муассасасидан 40 таси, 85 та умумтаълим мактабидан 21 таси, 6 та оилавий поликлиникадан 2 таси ва 52 та касалхонанинг 12 таси Янги Наманган тумани таркибига ўтказилмоқда.

Янги туман ташкил қилиниши билан саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш бўйича янги туман ҳудудида 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зонаси барпо этилади. Ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида 245 млрд. сўмлик 62 та лойиҳада 2600 та янги иш ўринлари яратиш белгиланмоқда.

Янги Наманган тумани Наманган таркибидаги иккинчи туман бўлади. 2020 йил сентябрида шаҳарда Давлатобод тумани қайта тузилган эди. Давлатобод тумани 1977 йил августида ташкил этилган эди, аммо Олий Мажлис қарори билан у бекор қилинган ва 2004 йил 1 январдан Наманган таркибига киритилган.