Парламент қуйи палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида"ги масаласи кўриб чиқилди, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Ташкил этиладиган Давлатобод туманининг умумий майдони — 4 686 гектар бўлиб, унинг таркибига Наманган шаҳрининг «Юксалиш», «Наврўз», «Нуробод», «Гулшан», «Орзу», «Порлоқ», «Навбаҳор», «Мустақиллик», «Тўқувчи», «Умид», «Янги тонг», «Халқлар дўстлиги», «Давлатобод», Қуйи Ғирвон", «Юқори Ғирвон», «Ўрта Ғирвон», «Боғ», «Элобод», «Гулобод», «Ирвадон», «Шишаки», «Қуйи Ровустон», «Ўрта Ровустон», «Юқори Ровустон» ва «Елхон» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу ўзгаришлар Шавкат Мирзиёевнинг 26−27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ ҳолда, мазкур ҳудудда бошқарув самарадорлиги яхшилаш мақсадида қилинмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар ҳудудда янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш тизимининг янада яхшилинишга хизмат қилади.

Қарор Олий Мажлис Сенатига юборилди.