13 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари 1 июндан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажатлари бюджетдан тўлаб берилишини таъкидлаб ўтди.

«Ватанпарвар» ташкилоти томонидан республика миқёсида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилди. Бу ҳақда «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.

  • 1-босқичда шу йилнинг апрель ойидан бошлаб фуқароларни «Ватанпарвар» ташкилотининг «Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида» «B»,"BC", «C», «D», «E» тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилиши;
  • 2-босқичда август ойидан «Техник хизмат кўрсатиш курслари» ташкил этилиб, ёшлар 5 хил касбга — вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда;
  • 3-босқичда декабрь ойидан бошлаб «Мураккаб техникаларни бошқариш курслари» йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидро-подёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича ўқитилиши кутилмоқда.

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши матбуот хизмати

«Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқаролар юқоридаги касбларга бепул ўқитилиши режалаштирилган.

10 март куни республика миқёсида «Ёшлар дафтари»га рўйхатга киритилган 56 нафар ёшларга (ҳар бир вилоятдан 4 тадан) «Ватанпарвар» ташкилоти автомактабларида бепул ўқиш учун сертификат топширилди. Ҳозирда ушбу ёшларнинг ўқиш харажатлари ташкилотнинг моддий базаси ҳисобидан тўлиқ қопланиб, сўнгги русумдаги замонавий технологиялари билан жиҳозланган автомототранспорт курсларида таҳсил олишмоқда.

Шу билан бирга, эҳтиёжманд ёшларни ўз ичига олган навбатдаги ўқувчилар гуруҳлари ҳам шакллантирилмоқда.

Ташкилот 2021 йилнинг охиригача 14755 нафар ҳайдовчилар тайёрлашни режалаштирган. «Ватанпарвар» ташкилоти нодавлат нотижорат ташкилот сифатида бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ижтимоий шериклик асосида мустаҳкам ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши матбуот хизмати