Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида"ги қарорни имзолади (Ҳужжат нусхаси «Газета.uz»да мавжуд).

Ҳужжатда Молия вазирлигига 2021 йил 15 майга қадар меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягони тизимини жорий этиш бўйича президент қарори лойиҳасини тайёрлаш топширилган. Ҳужжат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини оширишни, юқори самарали ишлашга интилишни кучайтириши ҳамда ходимларнинг ўз касбий салоҳиятини оширишга қизиқишини таъминлашни назарда тутиши керак.

Бундан ташқари, президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини тақдим этишлари шарт:

  • маҳаллий бошқарув органлари ва давлат органларида АКТдан фаол фойдаланиш орқали самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) асосланган замонавий баҳолаш усулларини жорий этиш;
  • административ ислоҳотлар доирасида функция ва вазифаларни такрорловчи давлат органлари сонини уларнинг фаолияти самарадорлиги ва натижакорлигини чуқур таҳлил қилиш орқали қисқартириш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари таркиби ва бошқарув кадрлари сонини қайта кўриб чиқиш.

1 сентябрга қадар давлат органларида KPI ходимлари томонидан эришилган натижаларни рейтинг баҳолаш учун махсус дастурий таъминот комплексини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда давлат хизматчиларининг меҳнати ягона тариф сеткаси асосида баҳоланмоқда.

Президентнинг 2019 йил 3 октябрдаги фармони билан давлат органи ва ташкилоти даражасидан (республика, вилоят, туман ва шаҳар), ходимнинг малака мартабаси (даражаси) ва шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақини белгилашга нисбатан унификациялаштирилган талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилган.

2020 йилнинг майида «Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган, бироқ қабул қилинмаган эди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Ўзбекистонда давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача қисқартирилиши ва бу бир ойдан камроқ вақт олиши ҳақида ёзган эди. 1 майдан бошқарув давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқарилади. Қолаверса, вазирлик ва идораларнинг 40 нафар раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилади.