3 апрель куни президент давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор нусхаси «Газета.uz» да мавжуд.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилади.

Натижада, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқарилади.

Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 40 нафар раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилади.

Раҳбар ўринбосарлари лавозими сони 3 ва ундан ортиқ бўлганда раҳбарнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилиши мумкин.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикчилиги агентлиги директори — молия вазири ўринбосари лавозимидаги «молия вазири ўринбосари» мақоми чиқариб ташланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг касб-ҳунар таълими бўйича ўринбосари лавозими қисқартирилади.

Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи — қурилиш вазири ўринбосари лавозимидаги «қурилиш вазири ўринбосари» мақоми чиқариб ташланади.

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозими қисқартирилади. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси — транспорт вазири ўринбосари лавозимидаги «транспорт вазири ўринбосари» мақоми чиқариб ташланади.

2021 йил 1 сентябргача ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришилганлиги натижаларини баҳолаш учун махсус дастур ишлаб чиқилиб давлат органларида босқичма-босқич жорий этилади.

Олдинроқ, президентнинг ушбу қарори билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиши ҳақида хабар берган эдик.