2 апрель куни Миллий Олимпия Қўмитасида AIBA президенти Умар Кремлёв ва Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оlamsport.com нашри хабар берди.

«Бир хушхабарни айтмоқчиман, жамоамиз рейтинг бўйича Токио Олимпиадаси учун яна 4 та йўлланмага эга бўлди. Эркаклар ўртасида -75 кг вазнда Фанат Қаҳрамонов, -81 кг вазнда Дилшод Рўзметов, шунингдек, ўз вазн тоифаларида юқори поғонада турган яна 2 нафар қизимиз Токио Олимпиадасида иштирок этишади», — деди Полатов.

Оlamsport.com нашрига кўра, Шаҳноза Юнусова (-69 кг) ҳамда Райхона Қодирова (-60 кг) рейтинг орқали Олимпиадага йўлланма олган.

Шундай қилиб, умумий ҳисобда Ўзбекистондан 11 нафар боксчи (8 нафар эркак, 3 нафар аёл) Токио Олимпиадасига борадиган бўлди.