«Менинг фикрим» порталида транспорт бошқаруви пайтида ҳайдовчининг керакли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун белгиланган жаримани бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисмига кўра, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахслар транспорт воситаларини бошқарганлиги учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Жамоатчилик томонидан ушбу тартибга ўзгартириш киритиш таклифи берилди.

«Ҳозирда барча ДЙҲХХ ходимлари махсус планшетлар билан жиҳозланган ва улар ягона маълумотлар базасига уланган. Маълумотлар базасида транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномалари ва ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Маълумотлар базасида ҳайдовчилар тўғрисидаги барча маълумотлар жойлаштирилган ва ушбу базага бармоқ изи орқали идентификация қилиш тизими жорий этилган бўлса, у ҳолда тегишли ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жарима қўллашнинг нима зарурати бор», — дейилади таклиф матнида.

Шу сабабли, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воситасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликни қўллаш амалиётини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Порталда эълон қилинган мазкур таклиф 12 минг 104 та овоз билан маъқулланмоқда (парламент ўрганиб чиқиши учун тўпланиши лозим бўлган овозлар сони 10 минг).

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Қирғизистон президенти мамлакатда электрон ҳужжатларни ривожлантириш бўйича фармонни қабул қилган эди. Унга кўра, давлат идоралари қоғоз шаклидаги ҳужжатларни сўрашни тўхтатиб, фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ҳаракатланишларига рухсат берилган.

1 февраль куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳайдовчилар ўзи билан ҳайдовчилик ва транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномасини олиб юрмасликка рухсат берувчи қонунни имзолаган эди.