18 март куни соат тахминан 07:53 да Каттақўрғон-28 разъезд темир йўл бекатлари оралиғининг 3803-километр 7-пикетида «Qushbegi» маҳалласида яшаган, 35 мактабнинг 11 синф ўқувчисини юк поезди уриб юборган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Ўқувчи темир йўлда ҳаракатланиб келаётган юк поездини ўтказиб, кейин йўлда давом этиш учун темир йўл ёнида турган. У орқадан келаётган синфдошларини кутиб турганида ён сумкаси юк поездига тегиб, поезд уни судраб кетган.

Натижада ўқувчи бош қисмидан жароҳат олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган. Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай, шу куни вафот этгани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат маҳалла ва таълим муассасасида жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Самарқанд вилоят ИИБ йўловчилар ва ҳайдовчиларни темир йўлда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, диққат ва эътиборли бўлишга чақирмоқда.