Жума куни ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир қанча журналистларнинг «профилактик суҳбат» учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақиртирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Daryo.uz бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу хабарни рад этди. Унинг сўзларига кўра, digital detox (рақамли қурилмалардан дам олиш) қилмоқчи бўлганида у ҳақда «нотўғри миш-мишлар ва нотўғри хабарлар» тарқалган.

«Илтимос, текширилмаган, ёлғон хабарлар тарқатманглар, чунки бу хабарларнинг ортидан телефонимни ёққанимдан кейин сон-саноқсиз телефонлар бўлаяпти. Ҳаммангиздан узр сўрайман жавоб бера олмаётганим учун. Мана шундай одамларни хавотирга қўйишнинг ҳеч ҳам кераги йўқ. Аввало ўзим хавотирга қўйиб қўйганим учун узр сўрайман ва бошқалардан шунақа шоширилиб хабар тарқатмасликни сўраган бўлардим», — деди у.

«Газета.uz»нинг бир-биридан мустақил уч манбаси журналист ва блогерлар, жумладан Муҳрим Аъзамхўжаев ва Қаҳрамон Асланов ҳақиқатан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақиртирилганини тасдиқлади. Бунинг сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмади.

«Газета.uz»га, шунингдек, Kun.uz раҳбари Мақсуд Асқаровнинг ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таклиф қилингани ҳам маълум. Бу таклифнинг ҳам сабаби номаълум. «Газета.uz» ундан ёки нашр таҳририятидан жавоб ололмади.

ИИББ матбуот хизмати «ички ишлар органларининг журналистларнинг чақирилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.