2021/2022-ўқув йили учун тест синовларида 1,6 млн нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев маълум қилди. Унинг хабар беришича, ҳужжатлар бу йил ҳам онлайн қабул қилинади.

«2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 млн нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. 2021 йилда абитуриентларни рўйхатга олиш ДТМнинг расмий веб-сайти (my.dtm.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади», — деди у.

Шунингдек, Фарҳод Мирзаевнинг маълум қилишича, айни пайтда ДТМ томонидан тестларни ўтказиш бўйича икки хил сценарий устида иш олиб борилмоқда:

  • анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ўтказиш;
  • пандемия шароитидаги каби очиқ майдонларда ўтказиш.

Хабар берилишича, бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари тайёрланган. 50 460 нафар абитуриент учун мўлжалланган 103 та катта сиғимли ёпиқ бино, 60 570 нафар абитуриентга мўлжалланган 66 та стадион ва хиёбон тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, Мирзаев абитуриентларга ОТМларга кириш учун имтиёз бериш, уларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган масъул вазирлик ва идоралар билан имтиёзлар реестри шакллантирилаётганини маълум қилди. Бунинг учун Давлат тест маркази томонидан махсус платформа ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга имтиёзларни киритиш учун имконияти тақдим этилган.