Тошкент вилоятида карантин қоидаларига амал қилиш назорати кучайтирилади, дея хабар қилди пойтахт вилояти маъмурияти матбуот хизмати.

Бу ҳақдаги қарор Тошкент вилояти ҳудудида касаллик тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят масъуллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қабул қилинди.

Унга кўра, асосан аҳоли гавжум бўладиган бозор ва савдо марказлари, жамоат жойлари ва жамоат транспортларида ижтимоий масофани сақлаш, ҳимоя ниқобини тақиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан вилоят ҳудудида назорат тадбирлари ўтказилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида карантин чоралари кучайтирилиши, хусусан, такси ва қурилишларда карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.