Россиянинг «Евроцемент» халқаро саноат холдинги «Охангаронцемент»даги акцияларини сотмоқчи. Бу ҳақда «Тошкент» фонд биржаси маълумотларига таяниб Spot хабар бермоқда.

Компания музокаралар аукциони режимида бўлиб ўтадиган навбатдаги биржа битимини эълон қилди. Гап 4 млн 141 минг 108 та оддий номинал ҳужжатсиз акциялар ҳақида кетмоқда. Ҳар бир акциянинг нархи камида 103593,05 сўм этиб белгиланган. Бу компаниянинг мавжуд 84,19 фоиз улушининг барчаси ҳисобланади, дея ёзмоқда нашр.

Акциялар битта лот орқали сотилмоқда. Агар келишув юқорида қайд этилган шартларда амалга оширилса, умумий қиймати қарийб 429 млрд сўм (МБнинг 1 мартдаги курсига кўра, 40,7 млн доллар атрофида)ни ташкил этади.

Аввалроқ, «Евроцемент» қарзлари сабабли Сбербанк бошқарувига ўтди ва аллақачон сотувга қўйилишга ҳам улгурди.

«Охангаронцемент» мамлакатнинг энг йирик солиқ тўловчилари қаторидан жой олган. Шунингдек, бозорда етакчи ўринга эга компаниялардан бири ҳисобланади. 2019 йил якунлари бўйича компаниянинг соф фойдаси 179,8 млрд сўмни ташкил этди. 2020 йилнинг 9 ойида эса — 187,1 млрд сўмни ташкил этган.