Ўзбекистон олмаси экспорти 2020 йилда 61,8 фоизга қисқарди. Шу билан бирга бошқа мамлакатлардан олмани импорт қилиш 8,5 бараварга ўсди. Бу Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларида акс этган.

Импорт

Ўзбекистонга олма импорти (2019−2020 йиллар кесимида).

Ўзбекистон олма импортини ҳосил мавсуми бўлмаган вақтда кескин — 1042 тоннадан 8876 тоннагача (мос равишда 360,9 минг доллардан 2,85 миллион долларгача) оширган. Бунда янги пишган олма импортининг асосий ҳажми (62,8 фоизи) Қирғизистонга тўғри келди. Ушбу мамлакатдан олма келтириш 45 баравар ошди — 121,6 тоннадан (ҳар бир килограмм учун 47 сентдан) 5574,9 тоннагача (килограмм учун 0,29 сентдан).

Хитой Ўзбекистонга олма етказиб бериш ҳажмини 3,1 баравар (369 тоннадан 1166,5 тоннага), Эрон эса 2,7 баравар (373,4 тоннадан 1036,2 тоннага) оширди.

Ўзбекистон, шунингдек, Украина, Арманистон, Россия ва Туркиядан ҳам олма сотиб олишни бошлади.

Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистондаги боғбонлардан бири баҳорги совуқ таъсирида олма ҳосилидаги йўқотишни 15−20 фоиз атрофида баҳолаётганини билдирган.

Экспорт

Ўзбекистондан олма экспорти (2019−2020 йиллар кесимида).

Ўзбекистон 2019 йилда 25 миллион долларга 50 минг тоннадан кўпроқ олма экспорт қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 19 минг тоннага тушиб кетиб, даромад 8,7 миллион долларни ташкил этди.

Экспорт ҳажмининг кескин пасайиши кўп жиҳатдан 2019 йилда ўзбек олмаларини сотишнинг асосий бозори бўлган Қозоғистон билан боғлиқ. 2020 йилда ушбу мамлакат етказиб бериш бўйича етакчиликни сақлаб қолди, аммо унинг ҳажми 73 фоизга — 41,6 минг тоннадан 11,2 минг тоннага камайди.

Қозоғистонда олманинг умумий истеъмоли 2019 йилда 344,3 минг тоннани, импорт 128 минг тоннани ташкил этди. Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги вазири Сапархон Омаровнинг сўзларига кўра, мамлакат 2024 йилга қадар олма маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжни ўз маҳсулотлари билан тўлиқ қондиришни режалаштирмоқда.

Танқисликни тўлиқ қоплаш учун Қозоғистонда ҳар йили 2 минг гектардан ортиқ боғлар яратиш мақсад қилган. Олма боғларини барпо этиш ва меваларни сақлаш жойларини қуришга ажратиладиган инвестициялар учун бериладиган субсидия 25 фоиздан 40 фоизгача оширилиши мева етиштирадиган йирик фермер хўжаликларини яратиш учун рағбатлантирувчи омил бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, боғларни суғориш учун қудуқлар қуришга 25 фоизлик субсидия жорий этилади.

Ўзбекистон Россияга олма етказиб беришни — 4112 тоннадан 4842 тоннага оширди. Қирғизистонга экспорт — 40 фоизга, Тожикистонга эса — 21,5 фоизга қисқарди.