Ҳафтанинг иш кунлари охирида Ўзбекистон ҳудуди Россиянинг Европа ҳудуди орқали кириб келган жуда совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлди, дея хабар берди Ўзгидромет.

Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати 10−12° совуқгача пасайди. Қорақалпоғистонда 20−22° совуқ, Устюртда 23−25° совуқ бўлди. Кундуз кунлари ҳарорат 4−6° совуқдан юқорига кўтарилмади, шимолда ҳарорат 8−10° совуқ атрофида бўлди. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан 12−17° паст бўлди.

Жума кунидан бошлаб совуқ ҳаво массалари республика ҳудудидан чиқишни бошлади. Унинг ўрнига Туркманистон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келмоқда.

Дам олиш кунлари ҳавонинг илиши давом этади. Якшанба кунига келиб, кечаси 3−5° совуқгача кучсизланади, кундуз кунлари эса 7−12° илиқгача кўтарилади. Аммо бу февраль ойининг охиридаги иқлимий меъёрлардан бироз пастроқдир.

Республика ҳудудининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғади.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи мавжуд.