24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қишлоқ хўжалиги — мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, иш ўринлари ва аҳоли даромадини кўпайтиришда катта манбалардан бири ҳисобланади. Шу боис соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шароитлар яратиб берилди. Боғдорчилик, узумчилик, мева-сабзавотчилик, шоличилик, чорвачиликни ривожлантириш, сувни тежаш, агрокорхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилди.

Экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали бу йил ҳар бир гектардан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказиш мақсад қилинган. «Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши керак», — деди президент.

Бунинг учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Мисол учун, Мирзаобод туманидаги айрим майдонларда пахта ҳосилдорлиги 12 центнерни ташкил қилмоқда. Лекин, у ердаги маҳаллаларнинг ихтисослашуви ўрганилганда, анор етиштириш имконияти ва қайта ишлаш корхонаси борлиги аниқланган.

Худди шунингдек, Фориш ва Элликқалъа туманларида винобоп узум навларини ўстириш мумкин. Булоқбоши туманида саримсоқпиёздан яхши даромад олиш, хонадонларга имтиёзли кредит бериш орқали йилига 1 минг тонна экспортбоп узум етиштириш имконияти бор.


«Жорий йил 1 мартдан бошлаб, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида боғ, ток ва иссиқхона учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли даври эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади. Бу — одамларнинг истаги, ўзгаришлар учун имконият», — деди Шавкат Мирзиёев.

Лалми ва яйлов ерларни фойдаланишга киритиш, бу орқали доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Маълумки, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган вазифаларга мувофиқ, ишсиз фуқароларга 10 сотихдан 50 сотихгача ер берилмоқда. Мутасаддиларга ушбу ерларни аҳолига яқин жойдан ажратиб, уруғ, ўғит ва техника таъминотида кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилда қишлоқ хўжалиги корхоналарини 702 минг тонна уруғ ва 105 миллион туп кўчат билан таъминлаш зарур.

Лекин, бу борада тизим йўлга қўйилмагани аҳолига ҳам, экспортчиларга ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Навларнинг сифати, маҳсулотларнинг етилиш муддати ташқи бозорларда етакчи ўринларга чиқиш имконини бермаяпти.

Шу боис, энди Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳамда унинг илмий-тажриба станцияларида давлат-хусусий шериклик асосида юқори ҳосилли, экспортбоп мева ва узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Бунинг учун ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос интенсив кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилади. Маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олинганда, бунга кетган маблағнинг 20 фоизигача қисми тўлаб берилади.

Шунингдек, муқобил энергияда ишлайдиган лимончилик иссиқхоналари қуриш харажатларининг ҳам бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади.

Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Кластер — изланиш, инновация, дегани. Агар кластерлар эртанги кунни тасаввур қилиб ишласа, қўшимча қийматли маҳсулотларни бозорга олиб чиқиб, рақобатбардош бўлиши мумкин. Дунё тажрибасини ўрганиб, маҳсулотни кўпайтириб, таннархни камайтириш керак», — деди президент.

Аграр тармоқни барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш учун бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунда, биринчи марта, сабзавот етиштиришга Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар бериш учун 300 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, бошоқли дон ва пахта етиштириш, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига 19 ойгача кредитлар бериш учун ҳам қўшимча маблағлар талаб этилади.

Шу мақсадда, бугун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси фаолияти ҳамда ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида президент қарори қабул қилинди. Йиғилишда ушбу қарор мазмун-моҳияти, ижроси ҳақида ҳам сўз борди