19 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари мажлисидан сўнг, навбатдаги манзил Ёшлар кутубхонаси этиб белгиланган эди. Бироқ, ўша куни давлат раҳбарининг кортежи Намангандан 18 км узоқликда жойлашган, шароити оғир маҳалла, 26-меҳрибонлик уйи ва «Саҳоват» қариялар уйига қараб юрган эди.

«Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, шу сабаб кутубхона очилиши кейинга қолдирилган. У ерда президентни кўплаб ўқувчи ёшлар, талабалар, маҳаллалар фаоллари, мутасаддилар, жумладан, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари кутиб туришган эди.


Блогер Азиза Қурбонованинг ёзишича эса, кутубхонадаги ёшлар гарчи президент вақт тиғизлиги учун бу ерга ташриф буюрмаган бўлса-да, улар бошқа нарсадан хурсанд. «Президентимиз приоритетни тўғри қўйди, у киши халқ муаммолари ортидан юрибди», дея интервью берган Исломбек.

Мазкур кутубхонада вақтини ўтказиб, кўплаб таассуротларга эга бўлган Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев «бу Финляндиядаги кутубхона эмас, ўзимизнинг Наманган вилояти, Давлатобод туманидаги ёшлар кутубхонаси» дея Facebook`даги саҳифасида пост қолдирди.

«Бизда ҳам шундай кутубхоналар бўлармикан, деб роса режаларини тузар ҳам эдик. Чет эл кутубхоналарига ҳавас билан қарардик. Мана туманларда ҳам шундай кутубхоналар барпо этиляпти. Ишончим комил, бу кутубхона нафақат Наманган, балки бутун Республика ёшлари учун севимли масканга айланади! Илм-фан ривожида кутубхоналар жуда муҳим роль ўйнайди. Айниқса, нетворкинг учун жуда қулай ва шинам жой бўлган. Китоб тақдимотлари, олимлар билан учрашувлар ёки катта IT ҳакатонлар ўтказиш учун зўр жой бўлган», — деб ёзади Алишер Саъдуллаев.


У кутубхона яқин кунларда очилишини айтиб, барча вилоятлар Намангандан ўрнак олиши лозимлигини қўшимча қилган. «Илм-фанга эътибор шундай бўлиши керак. Ҳамма вилоят ва туманларда шундай кутубхоналар бўлиши керак. Умид қиламанки, барча ҳокимларимиз Намангандан ўрнак олишади», — деди Саъдуллаев.

Кутубхона Наманган вилояти, Наманган шаҳри, Давлатобод туманида жойлашган. Умумий майдони 3610 кв. метрни ташкил этади. Бино аҳолига хизмат кўрсатувчи 3 та қават ва китоблар архиви учун мўлжалланган махсус ертўладан иборат. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 1200 кишига хизмат кўрсата олади.

Ҳозирда кутубхонада 120 минг китоб мавжуд, келгуси 3 йилда уларнинг сонини 500 мингтага олиб чиқиш режа қилинган.


Бинога кириш қисмида рўйхатга олиш бурчаги, инфокиоска жойлаштирилган. Ҳар бир китобхон учун махсус ID карталар берилади ва улар рўйхатга олинади.

Кириш қисмидан ўнг тарафда book cafe жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 80 кишига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Мазкур майдончада китобхонлар қаҳва ҳамда салқин ичимликлар истеъмол қилишлари ва бир вақтнинг ўзида китоб мутолааси билан машғул бўлишларига шароит яратилган.


Кириш қисмининг охирида «Болалар майдончаси» ташкил этилган. Ушбу майдончада 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун китоблар, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш учун жиҳозлар ажратилган. Шу билан бирга, кутубхонага келган ота-оналарга қулайлик яратиш мақсад қилинган. Мазкур майдончада болалар учун мўлжалланган стол ва стуллар, юмшоқ ўриндиқлар, ўйинчоқлар ва китоблар қўйилиши кўзда тутилган.


Биринчи қаватнинг чап қисмида ойналар билан бўлинган кичик хоналар бўлиб, улардан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • Биринчи — китоб савдосига мўлжалланган савдо шахобчаси хонаси;
  • Иккинчи — кўзи ожизлар ва ногиронлиги бўлган китобхонлар учун махсус мутолаа хонаси;
  • Учинчи — нусха кўчириш ва компьютер хизмати хонаси;
  • Тўртинчи — кичик доирадаги суҳбатларга мўлжалланган мулоқот хонаси;

Кутубхонанинг ер тўла қисми эса жами 240 мингдан ортиқ китобларни сақлашга мўлжалланган. Махсус лифт орқали архивда сақланаётган китоблар мутолаа учун етказиб берилади. Бинонинг архивида китоб сақлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Китоб жавонлари жойидан махсус йўлакларда ҳаракатлантириш учун мослаштирилиши режалаштирилган.


Бинонинг 2-қавати ўнг томонида махсус китоб жавонлари ва ўқув майдонлари жойлашган бўлиб, китоблар қуйидаги йўналишларга бўлинади:

  • 1-бўлим: «Ижтимоий ҳуқуқий адабиётлар бўлими». Мазкур бўлимда Ватан тарихи, жумладан вилоят тарихига оид китоблар, сиёсий, бадиий адабиётлар, миллий дурдона асарлар жойлаштирилади.
  • 2-бўлим: «Наманган ижодкорлари бўлими» — ушбу бўлимда Наманган вилоятидаги ижодкорларнинг ижод намуналари, сараланган асарлари жойлаштирилади.
  • 3-бўлим: «Бадиий адабиётлар бўлими» — Ўзбекистондаги кўзга кўринган адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, энг сара бадиий адабиётлар, адабиётнинг дурдона асарлари жой олган.
  • 4-бўлим: «Хорижий адабиётлар» — хорижий ижодкорларнинг энг сара ижод намуналари, жаҳон классикаси ва замонавий адабиёт намуналари жойлаштирилади.


Иккинчи қаватнинг чап томони ҳам шу тарзда давом этади:

  • 1-бўлим: «Ёшлар тарбияси бўлими» — ушбу бўлимда ёшлар томонидан севиб мутоала қилинадиган адабиётлар, «Ёш китобхон» кўрик танлови рўйхатига киритилган бадиий адабиётлар жойлаштирилган.
  • 2-бўлими: «Тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги шўъбаси» — ушбу бўлимга тиббиёт ва психологияга оид китоблар, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид жахон ва Ўзбекистонда нашр этилган китоблар жойлаштирилади.
  • 3-бўлим: «Техника ва технология шўъбаси» — илмий-техникага оид китоблар ва қўлланмалар жойланади.
  • 4-бўлим: «Илмий ишланмалар бўлими» — ушбу йўналишда хорижий, республика ва маҳаллий даражадаги илмий ишланмалар, илмий қўлланмалар ва адабиётлар, докторлик диссертацияси ва илмий ахборотномалар жойлаштирилади.


Иккинчи қаватнинг ўтиш йўлаги матбуот учун мўлжалланган, бу ерда хорижий, республика ва маҳаллий босма нашрлар билан танишиш мумкин.

Бинонинг учинчи қаватининг ўнг тарафида китобхонлар фикр-алмашишилари учун бахс-мунозаралар майдони ташкил этилган.


Бинонинг учинчи қавати чап қисми ва унга туташ бўлган қўшимча майдонда «Рақамли кутубхона майдони» ахборот-технологияларига мўлжалланган майдонча жойлашган. Бу ерда 50 та замонавий компьютерлардан иборат бўлим ташкил этилиб, ёшлар электрон китоблардан фойдаланиш, ўзларининг ахборот-технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш, лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун шарт-шароит яратилган.


Шунингдек, хорижий андозалар асосида наманганлик ёш дастурчиларнинг эркин ишлашлари учун «яшил майдончалар» ташкил этилган. Маълумотларга кўра, учинчи қават 100 минг нафардан иборат наманганлик дастурчиларни тайёрлашга хизмат қилади.