Давлат солиқ қўмитаси давлат бюджетига етказилган зарарни қисқартириш мақсадида «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини жорий этди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳозирда таҳлиллар натижасида солиқларни камроқ тўлаш мақсадида, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи 396 та «бир кунлик фирмалар» хизматидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхати шакллантирилган. 2960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинди.

Реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларга битимларни ўрганиб чиқиш учун камерал солиқ текширувини ўтказиш бўйича Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиш имконияти берилди. Ижобий хулоса қилинган тақдирда, инкассо топшириқномаларини бекор қилиш ва илгари камайтириб кўрсатилганлиги учун ундирилган маблағлар қайтариб берилиши таъминланади.

16 февралда Давлат солиқ қўмитасига ариза юборган 57 та корхонада ўтказилган солиқ назорати тадбирларининг дастлабки натижаларига кўра қуйидагилар аниқланган:

  • 52 та корхона ёки 91,3 фоиз ҳолларда «уйдирма» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
  • 1 та корхона учун ёки 1,7 фоиз ҳолларда «хаёлий» операцияларни амалга ошириш ҳолати тасдиқланмади, шу сабабли ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди;
  • 4 та ташкилотда ёки 7 фоиз ҳолатларда ноқонуний ҳисобга олиш қисман тасдиқланган.

Шунингдек, биргина Тошкент шаҳрида 74 корхона ноқонуний ҳисобга олганлигини тан олиб ихтиёрий равишда 4,6 млрд сўм миқдоридаги маблағ бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган.

«Нақдлаштирувчи фирма «ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларни қониқарсиз олиб борганлиги, шунингдек солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ Матбуот хизмати бошлиқларига хайфсан берилди.